Навоийда Cobalt Тўдакўл сув омборига оқиб кетди — видео
Автомобил сувдан воқеа жойидаги одамлар ёрдами билан чиқариб олинган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ижтимоий тармоқларда Навоий вилоятида Cobalt автомобили Тўдакўл сув омборида сузиб юргани тўғрисида тарқалган маълумотлар бўйича муносабат билдириб, вазиятга ойдинлик киритди.
Маълум бўлишича, воқеа шу йилнинг 20 июн кунида содир бўлган. Тўдакўл сув омборида оқиб кетган Cobalt Бухоро вилоятида туғилган фуқарога тегишли бўлган. Қирғоқда турган автомобилни кучли сув тўлқини сув омборига «олиб кетган».
Автомобил ҳайдовчининг эҳтиётсизлиги оқибатида сув омборига оқиб кетган, — дейилади вазирлик хабарида.
Вазирликнинг қайд этишича, вазият бўйича ФВВга маълумот келиб тушмаган, автомобил сувдан воқеа жойидаги одамлар ёрдами билан чиқариб олинган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ.