15:42 | 01.07.23 1124

Тошкентда уй қурмоқчи бўлган тадбиркордан 300 минг доллар талаб қилган ДУК ходими қўлга олинди — видео

Қўлга олинган ДУК ходимига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Тошкентда «Yunusobod business city тадбиркорлик марказини қуриш ва эксплуатация қилиш дирекцияси» давлат унитар корхонаси ходими уй қурмоқчи бўлган тадбиркордан 300 минг АҚШ доллари олаётган вақтда ДХХ ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан далиллар билан қўлга олинган.

Қайд қилинишича, ДУК ва тадбиркор ўртасида шартнома тузилган, унга кўра марказ ҳудудидаги эски уйларни бузиб, қурилиш учун жой тайёрлаш учун тадбиркор аввалроқ дирекция ҳисобига 22 миллиард сўм пулни инвестиция қилган. Бироқ дирекция ходими турли баҳоналар билан қурилиш бошлашга рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштиришни ортга суриб борган, масалани ижобий ҳал этиб бериш учун эса тадбиркордан пул талаб қилган.

ДУК ходимига нисбатан Жиноят кодексининг қатор моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.