20:25 | 04.07.23 2269

UzAuto Motors Powertrain CSS-Prime янги авлод двигатели Machining head ҳамда цилиндр блоклари линияларини ишга туширди

Янги авлод CSS-Prime двигателлари ҳар қандай шароитда автомобилнинг ишончли ишлашини таъминлаш имконини беради.

«Ўзавтосаноат» АЖ таркибига кирувчи UzAuto Motors Powertrain заводида Chevrolet Tracker ҳамда Chevrolet Onix автомобилларини ишлаб чиқаришда фойдаланилувчи CSS-Prime, янги авлод двигателларининг Machining head ҳамда цилиндр блоклари линияларини тантанали тарзда ишга туширди.

Механик қайта ишлаш линиясининг ишга туширилиши CSS-Primе двигателларининг маҳаллийлаштириш даражасини ошишига, компонентларни тўғридан-тўғри йиғув линиясига етказиб бериш орқали сифатнинг ҳам ортишига сабаб бўлади. Келгусида двигателларнинг маҳаллийлаштириш даражасини янада ошириш мақсадида цилиндр блоки ва Machining head’ларни юқори босимда ишлаб чиқарувчи қуюв цехини ишга тушириш режалаштирилган. Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг декабрь ойида CSS-Prime двигателларини ишлаб чиқариш линияси ишга туширилгач, заводнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 415 минг донага етказилган.

Фото: UzAuto Motors

МДҲ давлатларида аналоги бўлмаган юқори аниқликдаги ва юқори сифатли ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда қўшган ҳиссангиз учун барчангизга улкан миннатдорчилик билдираман. Янги авлод CSS-Prime двигателлари линиясининг маҳаллийлашуви ҳар қандай шароитда автомобилнинг ишончли ишлашини таъминлаш имконини беради. Бундан ташқари ушбу двигателлар Euro-6 стандартига мос келувчи юқори экологик тозаликка эга бўлиб, бу маҳсулотнинг ички ва ташқи бозордаги истиқболини яна кенгайтиради, — дея таъкидлади UzAuto Motors Powertrain заводининг Бош директори Бу Андерссон.

Фото: UzAuto Motors

UzAuto Motors’га кўра, двигателларни йиғиш тўлиқ завод ҳудудида амалга оширилмоқда, бунинг натижасида Chevrolet Onix ҳамда Tracker автомобилларининг маҳаллийлаштириш даражаси оширилган, нолдан қурилган янги қуюв цехининг ишга туширилиши эса CSS-Prime двигателлари учун қолиплар ишлаб чиқарилишини йўлга қўйишга имкон яратади.