Хивадаги Ичан-қалъа ҳудудида «Қовун сайли» фестивали бўлиб ўтади
Фестивалда, концерт дастурлари, тасвирий санъат асарлари намойиши, ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси, дорбозлар ўйини, хон ва аъёнлари чиқиши, қўғирчоқ театри томошалари, миллий таомлар, Хоразм нонини тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари бўлиб ўтади.
Хива шаҳри Ичан-қалъа давлат музейи қўриқхонаси ҳудудида 12-13 август кунлари «Қовун сайли» фестивали бўлиб ўтади. Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан ҳамкорликда ўтказиладиган тадбирдан мақсад Хоразмнинг агротуризм салоҳияти намойиши, воҳанинг қадимий полизчилик тажрибаси, ширин-шакар қовун-тарвузлари ва боғдорчилик маҳсулотларининг ноёб турлари ва навларини кенг оммалаштиришдир.

Фестивалда қовунларнинг «Гурвак», «Қиличбой бешак», «Қари қиз», «Туя қовун», «Тўёна», «Ола замча», «Хоразм оқ новвоти», «Кўк гулоби», «Бўрикалла» каби бир-биридан ширин ўнлаб маҳаллий навлари намойиш қилинади.
Турли мева-сабзавотлар, полиз экинлари, қандолат ва асаларичилик, ҳунармандчилик, чорвачилик ва балиқчилик маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ташкил этилади, — дейилади хабарда.
Концерт дастурлари, тасвирий санъат асарлари намойиши, ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси, дорбозлар ўйини, хон ва аъёнлари чиқиши, қўғирчоқ театри томошалари, миллий таомлар, Хоразм нонини тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари бўлиб ўтади.
Аввалроқ Тошкент—Хива—Тошкент йўналишида қўшимча 2 рейсга қатновлар йўлга қўйилгани ҳақида хабар берилганди.