19:14 | 07.07.23 28031

Жиззахда 3 туп дарахтни ноқонуний кесган эркак табиатга 25,7 млн сўм зарар келтирди

Унга нисбатан 1,65 млн сўм миқдорида жарима ҳамда ўсимлик дунёсига келтирган 25,7 млн сўм зарарни қоплаш тайинланган.

Зафаробод туманида ўсимлик дунёсига 25 миллион 740 минг сўм зарар келтириб, 3 туп игнабаргли дарахтларни ноқонуний кесган шахсга 1 650 000 сўм миқдорида жарима тайинланди. Шунингдек, унга етказилган зарарни тўлаш тайинланган.

Жиззах вилояти Зафаробод туманидаги «Ёрқин» МФЙда ўтказилган рейд давомида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси инспекторлари томонидан дарахтларнинг ноқонуний кесилгани аниқланди.

Маълум бўлишича, Сирдарё вилоятида яшовчи шахс тегишли рухсатномасиз жами 3 туп игнабаргли дарахтларни ноқонуний кесиб, «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуннинг 4, 37 ва 49-моддаларини бузган. Ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан МЖтКнинг 79-моддаси 1-қисми билан баённома тузилиб, 1 650 000 сўм миқдорида жарима солинди. Шунингдек, ҳуқуқбузар ўсимлик дунёсига етказилган 25 миллион 740 минг сўм зарарни ҳам тўлайди.

Аввалроқ Тошкент вилоятидаги ўрмонзордаги ёнғин бўйича жиноий иш қўзғатилгани, ҳудудда содир бўлган ёнғин оқибатида 5,89 гектар майдон зарарлангани ҳақида хабар берилганди.