16:04 | 09.08.23 926

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ЖССТ хавфли деб огоҳлантириш берган Cold Out сиропи Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмаганини маълум қилди

Қайд этилишича, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган ва кириб келаётган сироплар таркиби чуқур текширилиб, бу борада Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қатъий назорат ўрнатилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган Cold Out сиропи таркибида токсинлар борлиги аниқлангани ҳақида маълум қилди.

Фото: Valisure LLC

Сироп Fourrts Laboratories томонидан Dabilife Pharma учун ишлаб чиқарилган. Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, мазкур дори воситаси Ироқда ўтказилган алоҳида синовларда сифат талабларига жавоб бермагач, эркин савдодан қайтариб олинган.

Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази йўталга қарши қўлланиладиган дори воситаси давлат рўйхатидан ўтказилмагани хабар берди.

Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази Ҳиндистоннинг Fourrts Laboratories томонидан ишлаб чиқарилган мазкур дори воситаси Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилмаганлигини маълум қилиб, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар юзасидан юртдошларимиз хавотирга тушмасликларини сўрайди, — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, 2023 йил феврал ойидан бошлаб, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган ва кириб келаётган сироп шаклдаги дори воситалари таркиби диэтиленгликол (ДЭГ) ва этиленгликол (ЭГ) заҳарли моддалари бўйича чуқур текширилиб, бу борада Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қатъий назорат ўрнатилган.

Маълумот ўрнида, Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган «Док-1 Макс» йўтал сиропи таркибидаги заҳарли моддалар оқибатида Ўзбекистонда йил бошида 20 дан ортиқ бола заҳарланиб, дори уларнинг ўлимига сабаб бўлгани ҳақида хабар берилганди.