Туркиянинг Cengiz Holding компанияси Шавкат Мирзиёевга 5,2 млрд долларлик лойиҳаларни тақдим этди
Cengiz Holding томонидан Ўзбекистонда иккита лойиҳа — Тошкент ва Сирдарё вилоятларида умумий қуввати 460 мегаваттли замонавий электр станциялар ишга туширилган.
Шавкат Мирзиёев 8 август куни Туркиянинг Cengiz Holding компанияси бошқаруви раиси Мехмет Женгиз бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқларини ривожлантириш ва модернизация қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилган.

Туркиянинг етакчи кўп тармоқли холдинги иштирокида Ўзбекистонда иккита лойиҳа муваффақиятли якунланди – Тошкент ва Сирдарё вилоятларида умумий қуввати 460 мегаваттли замонавий электр станциялар ишга туширилган. Учрашувда Президентга ушбу энергетика объектларининг кўрсаткичлари тўғрисида батафсил ахборот берилди.
Бундан ташқари, Президент Жиззах вилоятида қуввати 500 мегаваттдан зиёд бўлган яна бир электр станция қурилишига старт берди.
Cengiz Holding компанияси томонидан умумий қиймати 5 миллиард доллардан зиёд бўлган янги лойиҳаларни амалга ошириш режалари тақдимот қилинди. Автомобил йўллари ва туннелларни модернизация қилиш ва қуриш, геология-қидирув ишларини бажариш ва истиқболли фойдали қазилма конларини ўзлаштириш, энергетика инфратузилмасини давлат-хусусий шериклик шартларида бошқариш шундай лойиҳалар жумласидан.

Шавкат Мирзиёев туркиялик инвестор иштирокидаги истиқболли лойиҳаларни тез фурсатда тайёрлаш ва тўлиқ амалга ошириш юзасидан топшириқлар берди.