12:56 | 14.08.23 928

Ҳафта ўртасидан салқин ҳаво аста-секин чекина бошлайди, ҳарорат кўтарилади

Душанба ва сешанба кунлари салқин об-ҳаво сақланиб туради. Ҳарорат кечалари +13…+16 даража, кундуз кунлари +27…+32 даража бўлади.

Ўзгидромет душанба ва сешанба кунлари Ўзбекистон ҳудуди бўйича салқин об-ҳаво сақланиб туриши, ҳарорат кечалари +13…+16 даража, кундуз кунлари +27…+32 даража, жанубда 35 даражагача бўлишини маълум қилди.

Нефрит кўли
Фото: Bugun.uz

Қайд этилиши, ушбу ҳаво ҳарорати август ойи ўртаси учун меъёрий қийматлардан 2−4 даражага паст ҳисобланади. Ҳафта ўртасидан салқин ҳаво республика ҳудудидан аста-секин чекина бошлайди, ҳарорат кўтарилади ва ҳафта охирига келиб, кечалари +17…+20 даража, кундузи +34…+37 даража атрофида бўлади.

Ушбу кунларда ҳудуднинг катта қисмида қуруқ ва кам булутли об-ҳаво сақланиб туради, фақат Фарғона вилоятининг айрим тоғли ҳудудларида бугун кечга томон қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

14−15 август кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучаяди, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилади.

Тошкентда 14−18 август кунлари ҳаво кам булутли бўлади. Душанба ва сешанба кунлари ҳарорат +29…+32 даража бўлади, сўнг +34…+37 даражагача аста-секин кўтарилади. Ҳафта бошида ҳарорат кечаси ва эрталаб +13…+16 даража, ҳафта охирига келиб +17…+20 даража бўлади. Шамол шарқдан бироздан ўртачагача эсади.