Бухоро вилоятига чиқинди ташишга мўлжалланган 15 та ISUZU топширилди
Қайд этилишича, Осиё тараққиёт банки иштирокидаги лойиҳа доирасида 300 дона ISUZU русумли чиқинди йиғувчи махсус техникалар харид қилинган.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Бухоро вилоятига чиқинди йиғувчи махсус замонавий 15 та ISUZU автомашиналарни топширди.

Қайд этилишича, Осиё тараққиёт банки иштирокидаги «Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш» лойиҳаси доирасида 300 дона ISUZU русумли чиқинди йиғувчи махсус техникалар харид қилинган, техникалар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан ҳудудлардаги санитар корхоналарига 10 йил муддатга имтиёзли шартлар асосида лизингга берилмоқда.
Шунингдек, махсус техникалар бир йиллик имтиёзли даврга эга бўлиб, қўшимча қиймат солиғидан озод этилган бўлиб, бу санитар тозалаш корхоналари фаолиятини яхшилашга, қамров даражасини (4 миллион кишига) оширишга ҳамда чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиб кетишга ёрдам беради.

Санитар тозалаш корхоналарига енгиллик яратиш мақсадида улар томонидан бошланғич бадал шакллантиришда қийинчилик туғилганда, унинг ўрнига қонунчиликда белгиланган тартибда таъминот турларидан бири ёки бир нечтасини тақдим этиш имконияти ҳам берилмоқда.

Махсус техникалар Япониянинг ISUZU бренди остида Самарқанд автомобиль заводида йиғилган бўлиб, уларнинг сифат даражаси Европа стандартларига тўла жавоб беради ҳамда аҳолига узоқ йиллар сифатли хизмат кўрсатишга мўлжалланган.
Аввалроқ, Қаршида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги чиқинди ташишга мўлжалланган 17 та ISUZU топширилди.