Шавкат Мирзиёев дарахтларни кесганлик учун янги жарималар тўғрисидаги қонунни рад этди
Янги қонунга кўра, дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ёш ниҳолларни ноқонуний кесиш, илдизи билан суғуриб олиш, шикастлаш, нобуд қилиш ёки кўчириб ўтказиш учун фуқароларга БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача, мансабдор шахслар учун эса 15 бараваридан 20 бараваригача жарима белгиланиши кўзда тутилган эди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» партияси раиси Алишер Қодиров Шавкат Мирзиёев дарахтларни ноқонуний кесганлик учун жазони кучайтиришга қаратилган қонунни рад этгани ҳақида хабар берди. Алишер Қодировнинг қайд этишича, бунга жарималар миқдорининг камлиги сабаб бўлиши мумкин.
Дарахтни ноқонуний кесганлик учун АҚШда 100 минг, Францияда 150 минг, Саудияда 8 миллион АҚШ долларигача жарима белгиланган. Бизда бу ҳаракат учун 1000 АҚШ долларигача жарима кўзда тутилган қонун Президент томонидан рад этилди. Эътироз тўғри, қонунни қайта кўрамиз, — деб ёзган Алишер Қодиров.
Маълумот учун, Сенатнинг 3 майдаги мажлисида маъқулланган қонун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартишлар киритилган эди. Қонунга кўра, дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ёш ниҳолларни ноқонуний кесиш, илдизи билан суғуриб олиш, шикастлаш, нобуд қилиш ёки кўчириб ўтказиш учун фуқароларга БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (аввал 5 бараваридан 10 бараваригача эди), мансабдор шахслар учун эса 15 бараваридан 20 бараваригача (аввал 10 бараваридан 15 бараваригача эди) жарима белгиланиши кўзда тутилган эди.