Доғистондаги «заправка» портлашида тўрт нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлган
Қурбонларнинг оилаларига 10,5 минг доллардан берилиши маълум қилинди.
Доғистоннинг Махачқалъа шаҳридаги ёқилғи қуйиш шохобчасида 2023 йилнинг 14 август куни содир бўлган портлашда тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлгани маълум бўлди. Бу ҳақда республика раҳбари Сергей Меликовнинг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, портлаш оқибатида 35 киши ҳалок бўлган, 119 киши жароҳатланган. Қурбонлар орасида тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам бўлган.
Доғистон бош вазири Абдулмуслим Абдусалимов жабрланганларга керакли тиббий ёрдам кўрсатилаётгани, ҳодиса оқибатида етказилган зарар миқдори аниқланаётганини маълум қилган.
Шунингдек, таъкидланишича, ҳалок бўлганларнинг оилаларига миллион рублдан (10 минг 562 АҚШ доллари), оғир тан жароҳати олганларга 400 минг рублдан (4 минг 224 АҚШ доллари) ҳамда ўрта ва енгил даражада жароҳатланганларга 200 минг рублдан (2 минг 113 АҚШ доллари) моддий ёрдам кўрсатилади.
Сергей Меликов ҳалок бўлганларнинг оилаларига дастлабки тўловларни амалга оширишга кўрсатма берган. Ҳодиса оқибатида жабрланганларнинг қолганларига эса қисқа вақтда, уларнинг соғлигига етказилган зарарни аниқлаб, шунга кўра ёрдам берилиши хабар қилинган.
ТАСС маълумотларига кўра, айни пайтгача Доғистондаги жамғармалар томонидан ҳалок бўлганлар ва жабрланганларнинг оила аъзоларига ёрдам бериш учун 100 миллион рублдан ортиқ маблағ йиғилган. Хайрия пуллари 380 дан ортиқ киши, жумладан, бизнес вакиллари, депутатлар, мансабдор шахслар ва кўнгилли аҳоли томонидан йиғилган.
Ёрдам пуллари ажратилиши ҳақидаги қарор портлаш оқибатида ҳалок бўлган чет эл фуқаролари, яъни, ўзбекистонликлар учун ҳам тегишлилиги айтилди.
«Бу муаммода бегоналар бўлиши мумкин эмас», – дейди Меликов.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 14 август куни маҳаллий вақт билан соат 21:50 да Доғистоннинг Махачқалъа шаҳридаги Nafta24 ёқилғи қуйиш шохобчасида портлаш содир бўлганди. Портлаш шохобча ёнидаги автосервисда ёнғин чиқиши ва атрофга тарқалиши натижасида келиб чиққан. Зарба тўлқини 50 метр радиусга таъсир қилган.
ТАССга кўра, шохобчадаги саккизта ёқилғи бакидан иккитаси портлаган ва 600 квадрат/метр майдон ёниб кетган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Республика раҳбари эса 15 августни Доғистонда мотам куни деб эълон қилди.