Энди Ўзбекистон—Қирғизистон чегарасидан ID-карта билан ўтиш мумкин
Бу 60 кунгача икки давлат ҳудудига кириш, ҳаракатланиш ва унда бўлиб туриш имконини беради.
Бугун, 25 август куни Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисидаги Битимга ўзгартиришлар киритиш ҳақида Баённома (Бишкек шаҳри, 2023 йил 27 январь) кучга кирди.
Бунга кўра, 2023 йил 1 сентябрь соат 00:00дан бошлаб икки давлат ҳудудига кириш, ундан чиқиш, транзит ўтиш, ҳаракатланиш ва унда бўлиб туриш учун идентификация ID-картасидан амалда фойдаланиш йўлга қўйилади.
Бундан буён Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари 60 кунгача идентификация ID-картаси билан икки давлат ҳудудларига киришлари, ҳаракатланишлари ва унда бўлиб туришлари мумкин. Ўзбекистон фуқаролари хорижга чиқиш биометрик паспорти билан Қирғизистон Республикасига кириш, ундан чиқиш ва бошқа давлатларга ўтишлари мумкин.
Ушбу тартиб айниқса Ўзбекистоннинг эксклав ҳудудлари бўлган Сўх, Шоҳимардон, Чўнғара каби ҳудудларидаги фуқаролар учун катта енгиллик бўлади, уларнинг чегарадан ўтишларидаги ортиқча бюрократияга чек қўяди.
Маълумот ўрнида, бугунги кунгача ҳали бирорта давлат билан ID-карта орқали ўзаро бориб-келиш тартиби йўлга қўйилмаган эди. Қирғизистон бу борада биринчиси бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Қирғизистон 2022 йилнинг декабрь ойида чегарани кесиб ўтишда паспорт назоратини осонлаштиришга келишиб олганди.