Эртага Тошкентда ДХХ кубоги финал ўйини бўлиб ўтади
Ҳал қилувчи баҳс «Жар» стадионида ўтказилади.
Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Ўзбекистон бўйича «Соғлом ёшлар – Янги Ўзбекистон келажаги» шиори остида футбол ва мини-футбол бўйича ўтказилаётган мусобақалар ҳал қилувчи паллага кирди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри босқичларида ғолиб бўлган жамоалар пойтахтда жам бўлди.

Мусобақанинг Республика босқичи 21-25 август кунлари давомида ўтказиб келинди. Ўйинлар «Бунёдкор» футбол академияси майдонларида ҳар куни соат 08:00 дан старт олди. Финал ўйини эса 26 август куни соат 18:00 да «Жар» стадионида бошланади.
Бу галги мусобақанинг ўзига хос жиҳати шундаки, унда илк бор ДХХ кубоги учун қизлар ўртасида ҳам мини-футбол беллашувлари ўтказилмоқда.

«Бу янги иқтидорлар танлови, салоҳият ва ҳамжиҳатлик намойиши. Маҳалла юлдузларининг катта спорт сари дадил одими! Уларнинг профессионалларга хос шижоат, техника ва маҳоратига сиз ҳам гувоҳ бўлинг!», дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилги ДХХ кубоги финалида Тошкент вилоятининг «Дўстлик» жамоаси Сирдарё вилоятининг «Боғистон» жамоасини мағлуб этиб, мусобақа ғолиблигини қўлга киритганди.