«Тошкентга қайтмайсан, шуни бил», – Президент Самарқанд шаҳри ҳокимига (видео)
Давлат раҳбари «яратилган шарт-шароитлар» учун раҳмат айтмоқчи бўлган ҳокимга танбеҳ берди.
Президент Шавкат Мирзиёев 24 август куни Самарқандга боргани ва вилоятни ривожлантириш масалаларига йиғилиш ўтказгани ҳақида хабар берган эдик. Давлат раҳбари йиғилишда «Самарқандда ишлаш қийинлигини тушунган ва Тошкентга қайтмоқчи бўлган» Самарқанд шаҳри ҳокими Фазлиддин Умаровга пойтахтга қайтмаслигини айтди. Бу ҳақда «Daryo.uz» хабар берди.

Йиғилиш жараёни акс этган видеодан кўриш мумкинки, шаҳар ҳокими «яратилган шарт-шароитлар» учун президентга раҳмат айтишга уринган.
«Ассалому алайкум, ҳурматли президент. Ҳурматли президент, сиз ҳамма шароитларни қилиб бергансиз, айниқса, Самарқанд шаҳрида…», дея гап бошлаган Умаров.
Шу пайт Шавкат Мирзиёев дарҳол унинг сўзини бўлган ва шундай деган:
«У гаплар менга керак эмас. Шароит, пароит…Мен сени мени ташвиқот қилгин деб, мажлисга чақирмадим-ку. Менга натижа керак. Сенинг Тошкентда эҳтиёжмандинг кўп. Қайтмоқчисан, лекин қайтмайсан Тошкентга, шуни бил».
Маълумот учун, Фазлиддин Умаров 2001 йили Тошкент давлат иқтисодиёт университетини бухгалтерия ҳисоби ва аудит мутахассислиги бўйича тамомлаган. 2005-2006 йилларда Солиқ академиясида давлат солиқлари ва йиғимлари мутахассислиги бўйича таҳсил олиб, магистр даражасини олган.
Умаров 2006-2015 йилларда Давлат солиқ қўмитасининг турли тузилмаларида бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғи лавозимларида фаолият юритган. 2015 2017 йилларда Молия вазирлигининг Солиқ ва божхона-тариф сиёсати бошқармасида шўба мудири бўлиб ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, Фазлиддин Умаров 2017-2019 йилларда Ҳисоб палатасининг Қўшимча даромад манбаларини аниқлаш ва харажатларни таҳлил қилиш ахборот-таҳлил шўбаси бош инспектори лавозимида ишлаган. 2019 йилдан бошлаб Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари – Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги директори лавозимида фаолият олиб борган. 2022 йилнинг феврал ойида эса Самарқанд шаҳрига ҳоким этиб тайинланган.