14:45 | 30.08.23 2312

Янги шифохона, янги метро, янги кутубхона ва божхона маркази

Шавкат Мирзиёев Тошкентда амалга оширилган ишлар билан танишди.

Кеча, 29 август куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Мирзиёев кунни Божхона расмийлаштируви марказига ташриф билан бошлаган. У ерда Маълумотларни қайта ишлаш маркази, Масофавий электрон декларациялаш пости, Сall-марказ, Таргетлаш ва хавфларни бошқариш бўлимлари ташкил этилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ахборот тизими хорижий давлатлар, мамлакат вазирлик ва идоралари, ташқи иқтисодий фаолият вакиллари, авиакомпаниялар маълумотлари билан интеграция қилинган.

Шавкат Мирзиёев Божхона марказига ташрифидан сўнг, пойтахтда қад ростлаган тиббиёт муассасалари фаолияти билан ҳам танишди. Яшнобод туманида иккита йирик шифо маскани – Миллий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт маркази барпо этилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Мирзиёев 2020 йил ноябрда уларнинг қурилишини келиб кўрган, бу ерда қандай имкониятлар бўлиши лозимлиги ҳақида кўрсатмалар берган.

Шифохона ҳудуди тўрт гектардан ортиқ бўлиб, жами бир ярим минг квадрат метр майдонга эга еттита бино барпо этилган. Қурилиш ва жиҳозлашда хориж тажрибасига таянилган.

Бундай имкониятларга эга марказ мамлакатимизда биринчиси. Қорақалпоғистон ва вилоятларда фаолият юритаётган кўп тармоқли клиникалар у билан боғланади.

Куннинг иккинчи ярмида, Президент Мирзиёев янгиланган Республика болалар кутубхонасини бориб кўрди.

Фото: Президент матбуот хизмати

1907 йилда қурилган тарихий бино реставрация қилиниб, замонавий жиҳозланган. Кутубхонада ўзбек ва жаҳон болалар адабиётига оид 180 мингта китоб мавжуд.

Президент матбуот хизмати тақдим этган суратларда Саида Мирзиёева ҳам кутубхонага келгани акс этади. Бу Мирзиёеванинг янги лавозимдаги илк хизмат ташрифи бўлди. Бундан олдин, Президент Администрациясининг янгиланган рўйхати эълон қилинган ва Саида Мирзиёева рўйхатда Президент  ёрдамчиси сифатида қайд этилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, президент Сергели – Қўйлиқ ерусти метро линиясига ҳам ташриф буюрди ҳамда жамоатчилик вакиллари билан бирга метрода ҳаракатланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

2017 йилда бу лойиҳани бошлаганимизда ишонмаганлар ҳам бўлган эди. Мана, Худога шукр, ерости ва ерусти метро йўллари боғланиб, ҳалқага айланди. Тўғри, оғир бўлди. Лекин халқимизга хизмат қиладиган, тарихда қоладиган йўл бу. Одамларимиз, фарзандларимиз бунда юриб, давлатдан рози бўлса, ниятимизга етган бўламиз, — деди Шавкат Мирзиёев.

Сергели – Қўйлиқ линияси доирасида 12 километр эстакада йўл ва 7 та бекат барпо этилган. Бу оралиқдаги қатнов вақти 15 дақиқани ташкил этади. Транспорт бир кунда 40 мингдан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатиши айтилди.

Аввалроқ, янги қурилган ерусти метро бекатларининг барчасига қайтадан ном берилган эди. Аҳолининг овоз бериши натижасида аниқланган номлар, олдинроқ geonom.tashkent.uz сайтига жойлаштирилган.

Фото: Адлия вазирлиги

Малумот учун, Тошкент метрополитенининг жами узунлиги 70 километрдан ошди. Шундан 38 километри 1977 йилдан кейин қурилган бўлса, охирги 7 йилда 32 километр метро йўли қурилган. Бекатлар сони 50 тага етди. Метрода юрувчи кунлик йўловчилар сони 750 мингга етиши кутилмоқда.

Мирзиёев Сергели туманидаги Янги Бунёдобод маҳалласида ҳам бўлди. У ерда президент тикувчилик корхонасидаги аёллар билан суҳбатлашган.

Корхона раҳбари аёллар тадбиркорлигига берилаётган имкониятлар туфайли янги ускуналар олиб, фаолиятини кенгайтирганини айтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Биз нима учун хотин-қизлар масаласига алоҳида эътибор қаратамиз? Чунки бу оилага, фарзандларимизга, келажак авлодларимизга эътибордир, — деди Шавкат Мирзиёев.

Аввалроқ, Шавкат Мирзиеёв раислигида ўтказилган видеоселекторда таълим тизимида қандай ўзгаришлар бўлиши кутилаётгани ҳақида хабар берилганди.


Тошкентда InfinBank ва Visa компанияси вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди

Тошкентда InfinBank ва Visa компанияси вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди

14:00 | 27.09.23 297
Кампиробод қадимдан тўлиқ Ўзбекистон тасарруфида бўлган — Садир Жапаров

Кампиробод қадимдан тўлиқ Ўзбекистон тасарруфида бўлган — Садир Жапаров

13:54 | 27.09.23 593
Жиззахда юк машинаси ЙПХ постида тиқилиб қолгани ҳақида хабарлар тарқалди

Жиззахда юк машинаси ЙПХ постида тиқилиб қолгани ҳақида хабарлар тарқалди

13:18 | 27.09.23 600
Ўзбекистонда 15 йилдан буён қидирувда бўлган шахс Қозоғистонда ушланди

Ўзбекистонда 15 йилдан буён қидирувда бўлган шахс Қозоғистонда ушланди

12:42 | 27.09.23 448
Ўзбекистонда энди тиббиёт талабаларидан имтиҳонни робот-симуляторлар олади

Ўзбекистонда энди тиббиёт талабаларидан имтиҳонни робот-симуляторлар олади

12:06 | 27.09.23 303
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси Туркиядаги ўзбекистонлик аёлларни огоҳлантирди

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси Туркиядаги ўзбекистонлик аёлларни огоҳлантирди

11:30 | 27.09.23 626