Пахта терими учун янги тўлов нархлари эълон қилингани йўқ – Қишлоқ хўжалиги вазирлиги
Вазирлик ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни рад этди.
Ижтимоий тармоқларда «Пахта терими учун янги тўлов нархлари эълон қилинди» сарлавҳаси остида хабарлар тарқалди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ушбу маълумотлар асоссиз эканини маълум қилди
Тарқалган хабарларда пахта терими учун янги тўлов нархлари эълон қилингани, унда 1 килограмм пахта учун биринчи теримда 2100 сўмдан, иккинчи теримда 2600 сўмдан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланиши белгилангани айтилган.
Пахта терими учун тўлов нархлари ҳар йили мавсум бошланиши муносабати билан, муайян бир муддатда белгиланади ва бозор тамойилларини ҳисобга олган ҳолда ҳукумат томонидан тасдиқланади. Теримнинг ҳар бир тури учун алоҳида нарх белгиланади, сўнгра ОАВ орқали эълон қилинади.
Айни кунларда пахта теримига нарх белгилаш бўйича ишлар вазирликлар билан келишув жараёнида. Бунда унинг биринчи ва иккинчи терими учун (навларини ҳисобга олиб) қанча нарх белгиланиши аниқ кўрсатилади.
Маълумот учун, 2022 йилги терим мавсумида қўлда терилган 1 килограмм пахта учун 1-теримда 1500 сўмдан, 2-теримда эса 1800 сўмдан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланиши белгиланганди.