Қамоқдан чиққан фуқароларни ишга олган ташкилотларга давлат томонидан субсидия ажратилади
Субсидия БҲМнинг 3 баравари миқдорида берилиши белгиланган.
Ўзбекистонда 2023 йилнинг 1 октябридан бошлаб жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга субсидия берилади. Бу бўйича ҳукуматнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Маълум қилинишича, иш берувчи ташкилотлар ҳар бир шахс учун уч ойдан ортиқ муддатда меҳнат фаолиятини давом эттиргандан сўнг базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида бир марталик субсидия олиши белгиланган.
Шунингдек, бу қарор бир қатор ташкилотлар учун мустасно экани ҳам айтиб ўтилган.
Жумладан:
- бюджет ташкилотлари,
- давлат корхоналари,
- устав (фонди) капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга субсидия ажратилмайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда озодликдан маҳрум қилинган маҳкумларни жазони ўташ учун манзил-колонияга ўтказиш тартиби бекор қилиниши маълум қилинганди. Шунингдек, маҳкумларнинг жазони ўташ даврида бажарадиган иши пенсия тайинлашда иш стажига қўшилиши тартиби жорий қилинган.