13:54 | 06.09.23 516

Россияда икки нафар ўзбекистонлик тасодифан ўрмонга ўт қўйиб юборганликда айбланди

Ёнғин сабаб Магадан шаҳрида фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Россиянинг Магадан шаҳрида икки нафар Ўзбекистон фуқароси тасодифан ўрмонга ўт қўйиб юборишда айбдор деб топилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Весьма»

Қайд этилишича, улар далаҳовлида олов ёққан. Бунинг натижасида шамол таъсирида ўрмонга ўт кетган ва 60 гектар ерни ёнғин қамраб олган. Ҳодиса оқибатида келтирилган зарарнинг умумий қиймати 1,8 миллион рублни (18,4 минг доллар) ташкил этган. Ёнғин туфайли шаҳарда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

«Магадан прокуратураси Ўзбекистон Республикасининг икки фуқаросига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича давлат айбловини ўз кучида қолдирди. Суд 2023 йил июн ойида Старая Веселая туманида хорижликлар далаҳовлида олов ёққанини аниқлади. Олов шамол таъсирида ўрмонга тарқалган. Умумий ёнғин майдони 60 гектарни ташкил этди, қиймати 1,8 миллион рублдан ортиқ бўлган 50 гектардан зиёд ўрмон плантациялари ёниб кетди», дейилади Магадан вилояти прокуратураси хабарида.

Аниқлик киритилишича, суд уларни ёнғинга эҳтиётсизлик билан муносабатда бўлиш ва катта миқдорда зарар етказиш натижасида ўрмон плантацияларини йўқ қилишда айбдор деб топган. Судланувчилар ўз айбларига тўлиқ иқрор бўлиб, етказилган зарарни қисман қоплаган.

«Жиноят содир этгани учун суд ҳар бир шахсни иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда бир йил муддатга мажбурий меҳнатга маҳкум этди. Бундан ташқари, суд улардан етказилган зарарни, шунингдек, ёнғинни ўчириш харажатларини (жами 6 миллион рублга яқин) ундирди», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда 4 ёшли қизнинг бошини узиб, уйни ёқиб юборган ўзбекистонлик энага мамлакатдан депортация қилинган эди.