Тошкент халқаро аэропортида 8,5 тонна гиёҳвандлик моддаси қўлга олинди
Бу 30 йил ичида битта ҳолатда аниқланган энг катта миқдор ҳисобланади.
Тошкент халқаро аэропортида 30 йил ичидаги энг катта миқдор – 8,5 тонна гиёҳвандлик моддаси қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитасининг матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, яқинда Божхона қўмитаси ва Давлат хавфсизлик хизмати томонидан «Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комлексининг «Авиаюклар» ташқи иқтисодий фаолият божхона постида ҳаво йўллари орқали республикага хориждан олиб келиниб, сўнгра юк автомобили орқали транзит тарзида олиб ўтилиши режалаштирилган 25 тонна оғирликдаги 1 000 қоп қандолат кўкнориси уруғлари озиқ-овқат маҳсулоти белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилган.
Текширув давомида ҳужжатларда қандолат кўкнориси деб кўрсатилган 25 тонна уруғ ва сомонлар таркибида 8,5 тонна ҳақиқий гиёҳавндлик моддаси – кўкнори сомони борлиги аниқланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
«Таъкидлаш жоизки, битта ҳолатда 8,5 тонна гиёҳвандлик воситасининг фош қилинишидек энг йирик кўрсаткич Ўзбекистон божхона хизмати органларининг сўнгги 30 йиллик тарихида илк бор қайд этилмоқда», дейилади қўмита хабарида.
Маълумот учун, одатда турли пишириқларга қўшиладиган ёки юзасига сепиладиган қандолат кўкнориси гарчи ўхшаш бўлса-да, анъанавий кўкнори гиёҳвандлик воситасидан тубдан фарқ қилади. Яъни, ушбу маҳсулот кўкнори оиласига мансуб ўсимликларнинг махсус тайёрланган ва қайта ишланган уруғлари ҳисобланади.
Вазирлар Маҳкамасининг «Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида» 2015 йил 12 ноябрдаги 330-сон қарорига биноан кўкнори сомони мамлакат ҳудудида муомаласи тақиқланган гиёҳвандлик моддалари сирасига киради.