Тожикистонда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи маслаҳат учрашуви ўтказилади
Тадбир 14-15 сентябр кунлари Эмомали Раҳмон раислигида ўтиши режалаштирилган.
Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Мухриддиннинг хабар беришича, 14 -15 сентябр кунлари Душанбеда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ўртасида учрашув ўтказилади.

Вазирнинг сўзларига кўра, олий даражадаги бешинчи маслаҳат йиғилишига Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон раислик қилади.
Ушбу учрашувни юксак савияда ва муносиб ўтказиш учун Марказий Осиё давлатлари билан доимий ҳамкорликда бўлиб, ҳар томонлама тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда, — деди Сирожиддин Мухриддин.
Вазир Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувида бир қатор ҳужжатлар имзоланишини, улардан энг муҳими эса, давлат раҳбарларининг якуний декларацияси бўлишини айтди.
Тожикистон, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи маслаҳат учрашуви доирасида 12 та қўшимча тадбир ўтказиш режалаштирилган. Улар орасида иқтисодий форум, олимлар форуми, фаол аёллар учрашуви, маданий дастур ва кўргазма ҳам бор, — деди ТИВ раҳбари.
Шу билан бирга, Душанбе шаҳрида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси режалаштирилган. Унинг якунлари бўйича бир қанча қарорлар имзоланиши кутилмоқда.
Шунингдек, Душанбеда иккита муҳим шартнома – қуруқлик транспорти ва ёшлар сиёсати соҳасида шартномалар имзоланади.
Яқинда Қирғизистонда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтган.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви дастлаб 2018 йилда Қозоғистоннинг Остона шаҳрида, кейин 2019 йилда Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳрида, 2021 йилда Туркманистоннинг Аваза шаҳрида ва 2022 йилда Қирғизистоннинг Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтган.