Ўзбекистондаги «заправка»ларда газ учун максимал нарх белгиланади
Шунингдек, нархларни асоссиз ошириб юборган шохобчаларга газ етказиб бериш тўхтатилади.
Ўзбекистондаги газ тўлдириш компрессор шохобчаларида газ учун максимал нарх белгиланади. Бу ҳақда «Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида кўзда тутилади.

Қарор билан жойлардаги «заправка»ларда нархлар кескин кўтарилиб кетишининг олдини олиш чоралари кўрилиши режалаштирилмоқда. Хусусан, табиий газни сотишда унинг энг баланд чакана нархи келгуси олти ойда куб метр учун 3 250 сўмдан ошиб кетмаслиги бўйича қатъий чоралар кўриш топширилган.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров, Бош прокуратура, ДХХ, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Солиқ қўмитаси ҳамда Электр энергияси, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясига эса газ тўлдириш шохобчаларида ўрнатилган газ ҳисоблаш ускуналарининг Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимига тўлиқ улангани ва онлайн режимда маълумотлар узатилаётганини қатъий назорат қилиб бориш юклатилган.
Шунингдек, улар ноқонуний уланиш, ёқилғи-энергия ресурсларини талон-торож қилиш ва ноқонуний истеъмол қилишнинг бошқа ҳолатларини, уларни содир этишга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш бўйича назорат тадбирларини янада кучайтиради.
Онлайн режимда маълумотлар узатмаётган, чакана сотишда чекланган нархнинг асоссиз оширилишига, ноқонуний уланишга, ёқилғи-энергия ресурсларини талон-торож ва ноқонуний истеъмол қилинишига йўл қўйган «заправка»ларга эса табиий газ етказиб бериш тўхтатилиши кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ёқилғи-энергетика тизимида бозор тамойилларини босқичма-босқич жорий этиш, соҳани либераллаштириш режалари доирасида юридик шахслар учун электр ва газ нархлари оширилган эди. Аҳоли истеъмолидаги электр энергияси ва газ нархлари эса ўзгаришсиз қолдирилган.