Ўзбекистон Қатар билан олий таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик қилади
Шартномани амалга ошириш учун ваколатли орган белгиланди.
Ўзбекистон Қатар билан олий таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик қилади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Huquqiy axborot Telegram-канали хабар берди.
Маълум қилинишича, Президент қарорига кўра, Ўзбекистон ва Қатар давлати ҳукуматлари ўртасида олий таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим тасдиқланган. Мазкур битим 2023 йилнинг 6 июнида Самарқанд шаҳрида имзоланган.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги эса халқаро шартномани амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган сифатида белгиланган.
Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга кирганидан кейин унинг қоидалари амалга оширилиши устидан белгиланган тартибда назоратни таъминлайди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил июн ойида Қатар амири шайх Тамим бин Хамад Ол Соний Ўзбекистонга ташриф буюрганди. Шунингдек, ташриф давомида Қатар фуқароларига 30 кунлик визасиз режим жорий этилиши маълум қилинган.