«Ўзкомназорат» алоқа ва телекоммуникациядаги барча мурожаатларни ишонч телефонига юборишга чақирди
Инспекция 1144 ишонч телефонига қандай вазиятларда мурожаат қилиш мумкинлигини маълум қилди.
Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси («Ўзкомназорат») фуқароларни алоқа ва коммуникация соҳасидаги барча муаммоли вазиятларда 1144 ишонч телефонига мурожаат қилишга чақирди. Бу ҳақда инспекция матбуот хизмати хабар берди.

«Ўзкомназорат» хабарига кўра, қуйидаги муаммоларни ишонч телефонларига қўнғироқ қилиш орқали ечиш мумкин:
- Интернет, Wi-Fi ишламаслиги;
- телевидение ва радио хизматларининг сифатсиз узатилиши;
- телефонда антенна яхши чиқмаслиги;
- почта жўнатмаларидаги муаммолар;
- вазирлик ва идоралар ишонч телефонларига вақтида жавоб бермаслиги;
- кўрсатиладиган электрон давлат хизматлари, яъни «Ягона дарча», «my.gov.uz»да ётоқхонага жойлашиш;
- тонировка учун рухсатнома олиш;
- ҳайдовчилик гувоҳномасини янгилаш ёки гувоҳнома йўқолган бўлса, тиклаш учун ариза бериш каби қатор электрон хизматларнинг ишлаш сифати пастлиги бўйича муаммолар;
«Биз сарсонгарчиликнинг олдини оламиз. Дарҳол 1144 га мурожаат қилинг, ‘Ўзкомназорат’ барча муаммоларни бир зумда ҳал қилади», дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Ўзкомназорат» телефонларни бепул станцияларда қувватлантиришнинг хавфидан огоҳлантирган эди.