14:30 | 15.09.23 489

Нигерияда 200 млн аҳоли электр энергиясисиз қолди

Мамлакат энергетика компаниялари ҳолатга «тизимнинг қулаши» деб баҳо берган.

Нигерияда электр узилиши кузатилди. Мамлакатнинг деярли бутун аҳолиси – 200 миллиондан ортиқ киши электр энергиясисиз қолган. BBC News’нинг хабар беришича, мамлакатдаги энергетика компаниялари бу «тизимнинг тўлиқ қулаши» эканлигини айтган.

Фото: BBC

Reuters нашри мамлакатда электр энергияси ишлаб чиқариш нолга тушганини хабар бермоқда. Хабарда айтилишича, электр энергияси маълум вақтдан сўнг, одатдагидан анча паст даражада қайта тикланган.

Ҳодиса Нигериянинг барча штатида, хусусан, мамлакат пойтахти Абужада ҳам содир бўлган.

«Нигер штатидаги иккита электр станциясини боғловчи электр узатиш линиясида ёнғиндан сўнг портлаш содир бўлган ва тармоқда узилиш кузатилган»,—дейди Энергетика вазири Адебаё Аделабу.

Нигерияда мунтазам равишда электр узилишлари кузатилиб туради. Бу каби узилишлар 2022 йилда тўрт марта содир бўлган.

Шунингдек, Нигерия бутун дунёда энергия ресурсларининг асосий ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Мамлакат OPEC аъзоси бўлиб, дунёдаги энг йирик нефт захираларига эга 10 та давлатдан биридир.

OPEC, The Organization of the Petroleum Exporting Countries — нефт нархини муқобил ушлаб туриш мақсадида нефт қазиб олувчи державалар томонидан яратилган ташкилот. Унга иқтисодиёти асосан нефтни экспорт қилишдан тушган даромадга боғлиқ бўлган давлатлар аъзо ҳисобланади. Ташкилотнинг асосий мақсади — дунёдаги нефт нархлари устидан назорат олиб бориш.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг январ ойида Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда электр энергиясида узилишлар кузатилган ва минтақада блекаут ҳолати қайд этилган.

Воқеадан бироз кейин Қозоғистон томони Сирдарё ИEСда кузатилган камчиликлар туфайли электрда узилишлар кузатилганини маълум қилган. Уч мамлакат экспертлари томонидан ўтказилган суриштирув ишларида блекаутда Ўзбекистон томони айбдор эканлиги хулоса қилинган.

Блекаут натижасида иссиқлик тизими, алоқа провайдерлари ҳамда транспорт тизими каби кўплаб соҳаларда муаммолар кузатилган эди.