Ўзбекистон транспорт вазирига биринчи ўринбосар тайинланди
Янги биринчи ўринбосар бунга қадар Қорақалпоғистон транспорт вазири лавозимида ишлаган.
Ўзбекистон транспорт вазирига янги биринчи ўринбосар тайинланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, бугунги кунга қадар Қорақалпоғистон транспорт вазири лавозимида фаолият юритган Омаров Маманбий Аллабергенович бундан буён Ўзбекистон транспорт вазирининг биринчи ўринбосари вазифасини бажаради. Бу бўйича Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 12 сентябрдаги қарори қабул қилинган.

Маълумот учун, Маманбий Омаров олдин ҳам вазирликда ишлаган бўлиб, у 2022 йилнинг декабрида Қорақалпоғистон транспорт вазири лавозимига тайинлангунга қадар Ўзбекистон Транспорт вазирлигининг Халқаро алоқалар, логистика ва экспортни рағбатлантириш бошқармаси бошлиғи бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қорақалпоғистон Республикасига янги маданият вазири тайинланган эди.