Қашқадарёда 7 минг доллар эвазига фуқарони Миллий гвардияга ишга киритиб қўймоқчи бўлган шахс ушланди
У олдиндан келишилган пулнинг 5 минг долларини олаётган вақтида қўлга олинган.
Қашқадарёда фуқарони 7 минг АҚШ доллари эвазига Миллий гвардияга ишга олиб кириб қўйишни ваъда қилган шахс ушланди. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, вилоят прокуратурасига Қарши шаҳридаги таълим муассасаларининг бирида омбор мудири сифатида фаолият юритувчи 41 ёшли Ҳ.М. ўзининг «юқоридаги» танишлари орқали фуқаро Т.Б.нинг ўғлини 7 минг АҚШ доллари эвазига Миллий гвардияга ишга олиб кириб қўйишни ваъда қилгани ҳақида маълумот келиб тушган.
2023 йилнинг 15 сентябрида ўтказилган тезкор тадбирда эса фуқаро Ҳ.М. олдиндан келишилган пулнинг 5000 АҚШ долларини фуқаро Т.Б.дан олаётган вақтида далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан бошқарма томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 2-қисми «а» банди ва 28-модда (жиноят иштирокчиларининг турлари) ва 211-моддаси (пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов давом этаётгани маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда 800 доллар эвазига ишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилганди. Сирдарёда эса уч минг долларга институт дипломини олиб бермоқчи бўлган шахс ушланган. Шунингдек, Навоийда фуқарони пул эвазига гидрометаллургия заводига киритиб қўйишни ваъда қилган аёл қўлга олинган.