11:46 | 19.09.23 754

Навоийда эчкиси бир дона кўчатга шикаст етказган шахс маъмурий жавобгарликка тортилди

Унга қарийб 2,6 млн сўм жарима солинган.

Навоий вилояти Томди туманида эчкиси бир дона кўчатга шикаст етказган шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда вилоят Экология бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Навоий вилояти Экология бошқармаси

Маълум қилинишича, туман экология бўлими инспекторлари ҳамда Миллий гвардия ходимлари ҳамкорлигида назорат рейд тадбирлари ўтказилган. Унда фуқаро С.Т. га тегишли бўлган бир бош эчкиси томонидан «Шарқ» ОФЙда жойлашган «Шарқ боғдорчилик» ширкати ҳудудида куз мавсумида экилган бир дона дарахт кўчатига ўсишдан тўхтамайдиган даражада шикаст етказилгани аниқланган.

Фото: Навоий вилояти Экология бошқармаси

Ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси (дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш) 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 1 миллион 650 минг сўм жарима ва 990 минг сўм табиатга етказилган зарар ундирилиши белгиланган.

Фото: Навоий вилояти Экология бошқармаси

Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлганидан сўнг вилоят Экология бошқармаси бунга муносабат билдириб, «Шарқ» ОФЙда истиқомат қилувчи аҳоли томонидан туман экология бўлимига маҳаллада экилган дарахт кўчатлари чорва моллари томонидан пайҳон этилаётгани тўғрисида бир неча бор шикоят қилинганини маълум қилган.

Экология бошқармасининг хабарида туман овул фуқаролари С.Т. га тегишли 25 бош эчки «ҳудуддаги кўчатларга доимий равишда шикаст етказиб келиши» ҳақида кўрсатма бергани айтилади. Воқеа жойига бориб ўрганилганида эса бир бош эчки ҳақиқатан ҳам бир дона кўчатга шикаст етказгани аниқланган.

«Ҳозирги кунда муҳтарам Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги ‘Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида’ги фармони билан бутун мамлакат миқёсида ‘Яшил макон’ умуммиллий лойиҳаси амалда бўлган бир пайтда ҳамда Томди тумани вилоятимизнинг чўл ҳудудида жойлашган бўлиб, бу ерда сувнинг танқислиги сабабли битта дарахтни кўкартириб олиш катта машаққат талаб этишини инобатга олсак фуқаро С.Т. нинг бу қилмишини қандай изоҳлаш мумкин?», дейилади хабарда.