Тошкент трактор заводи даҳасигача 10 та бекат қурилиши режалаштирилмоқда.
Тошкент метрополитенида ТТЗ даҳасигача йўл тортилиб, 10 та бекат қурилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 20 март куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан танишув вақтида маълум қилди.
Ташриф давомида Тошкент шаҳрида жамоат транспортини ривожлантириш лойиҳалари ҳам кўриб чиқилган. Маълумки, Тошкент метрополитенини Тошкент трактор заводи даҳасигача олиб бориш режалаштирилган. Президент аввал тақдим қилинган лойиҳаларни қайта кўриб чиқиш, бошқа муқобил таклифлар киритиш бўйича топшириқ берган эди.
Шунга мувофиқ тайёрланган янги лойиҳага кўра, метрополитеннинг Чилонзор йўналиши Тошкент трактор заводи даҳасигача узайтирилиб, яна 10 та бекат қурилади. Бу тармоқ 30 та маҳалла, 148 минг аҳолини қамраб олади.
Президент Юнусобод туманида барпо этилган High Town City мажмуаси билан танишди. У кенг қамровли бўлиб, савдо ва кўнгилочар маркази, бизнес маркази, меҳмонхона ва замонавий турар жойларни ўз ичига олган.
«Мамлакатда инвесторларга яратилган қулайликлар туфайли иқтисодиётда хусусий секторнинг улуши ошиб бормоқда. Тўғридан-тўғри сармоялар киритилиб, саноат, қурилиш, савдо, хизмат кўрсатиш соҳаларида истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Пойтахтнинг Юнусобод туманида барпо этилган High Town City мажмуаси шулардан бири. У кенг қамровли бўлиб, савдо ва кўнгилочар маркази, бизнес маркази, меҳмонхона ва замонавий турар жойларни ўз ичига олган. Бунга 510 миллион доллар тўлиқ хорижий инвестиция йўналтирилган.
Давлат раҳбари савдо марказидаги замонавий тижорат ва хизмат турларини кўздан кечирди. 4 қаватли бинода савдо дўконлари, жумладан, машҳур брендларнинг шохобчалари очилган. Ресторан ва кафелар, кўнгилочар ўйингоҳлар, спорт майдонлари, кинотеатрлар эл хизматида. Ер остида автотураргоҳ бор.
Бир сўз билан айтганда, бу ерда одамлар савдо қилиши, дам олиши, спорт билан шуғулланиб, вақтини чоғ ўтказиши учун барча шароитлар яратилган. Мажмуа бир кунда 5 минг кишига хизмат кўрсатиш қувватига эга. Унда 1 минг 500 киши иш билан таъминланди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Президент мажмуанинг иқтисодий аҳамияти ва аҳоли учун қулайлигини эътироф этиб, инвестор ва тадбиркорларга кўмак бериш бундан кейин ҳам давлат сиёсатининг стратегик йўналиши бўлиб қолишини таъкидлади. Миллий маҳсулотларни брендга айлантириш, уларни ташқи бозорларда таништириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.
Савдо марказида шинам китоб дўкони ҳам очилган. Шавкат Мирзиёев бу ташаббусни олқишлаб, метро бекатлари, кутиш жойларида ҳам мўъжаз китоб дўконлари ташкил этиш мақсадга мувофиқлигини айтди.
Давлат раҳбари ўйин майдончасидаги болажонларни кўриб, самимий меҳр-эътиборини изҳор этди. Бугунги барча саъй-ҳаракатлар мамлакатимиз келажаги учун қилинаётгани, бунинг учун болалар яхши ўқиб, ақлий ва ижодий салоҳиятини ривожлантириб бориши кераклигини таъкидлади.