Мутасаддиларга кичик бизнес вакиллари билан самарали мулоқотни йўлга қўйиб, улар кўтарган масалаларни тезкор ҳал қилиш топширилди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда Кичик бизнес уюшмасини ташкил қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Давлат раҳбари 19 март куни кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан соҳани ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган учрашувда рақобатбардош бўлиш, янги бозорларга кириб бориш, стандарт, янгиликларга ўқитиш, бренд яратиш, стартапларни юзага чиқариб, кўпайтириш учун Кичик бизнес уюшмасини ташкил қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Кичик бизнес билан ишлашга маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси, маҳалла банкиридан тортиб, банклар, бандлик вазири ҳамда бош вазир ўринбосарларигача жуда катта тизим сафарбар қилингани таъкидланди.
Мутасаддиларга, вилоят ҳокимларига кичик бизнес вакиллари билан самарали мулоқотни йўлга қўйиб, улар кўтарган тизимли масалаларни тезкор ҳал қилиб бориш топширилди.
“Янги Ўзбекистоннинг бизнес салоҳиятини оширишда биз сизларга ишонамиз. Бир нарсадан кўнгилларинг тўқ бўлсин: Президент доимо сизларга энг яқин кўмакчи, таянч ва суянч бўлади. Сизлар янгилик қилишдан чарчаманглар, мен қўллаб-қувватлашдан чарчамайман”, деди президент.
Учрашувда маълум қилинишича, 20 та туманда кичик ва ўрта саноат корхоналарини ривожлантириш бўйича лойиҳа офислари ташкил этилади. Уларга хорижий муҳандис, технолог, дизайнер, бухгалтер ва маркетологлар олиб келинади. Бу мақсадларга шу йилнинг ўзида 100 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.
Лойиҳа офислари корхоналарга таннархни тушириш, сифат ва технологияни яхшилашга, уларни йириклаштириб, саноат даражасига олиб чиқишга кўмаклашади.
Кичик бизнесда янги “драйвер” бўладиган ускуна ва дастгоҳлар, тиббий воситалар, электроника саноати, логистика каби соҳаларда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида дастурлар ҳам қабул қилинади.