Ҳалокатга учраган дрон кимга тегишли бўлиши мумкинлиги ҳозирча номаълум.
Ғарбий Қозоғистон вилоятининг Жонибек туманида дрон қолдиқлари топилди. Бу ҳудудда сўнгги вақтлар ичида топилган учинчи дрон бўлди. Бу ҳақда Orda.kz хабар берди.
Ҳудудда яна бир номаълум дрон қулагани ҳақидаги дастлабки маълумот 24 март куни кечқурун пайдо бўлган. 25 март куни эрталаб Ғарбий Қозоғистон полицияси дрон аниқлангани сабабли текширув ўтказаётганини тасдиқлаган.
Ғарбий Қозоғистон вилояти полиция департаменти ваколатли хизматлар билан биргаликда Жонибек туманида учувчисиз учиш аппарати бўлакларига ўхшаш буюмлар аниқлангани ҳолати бўйича текширув тадбирларини ўтказмоқда. Объект аҳоли пунктларидан узоқда, чекка ҳудудда топилган, дейди полиция.
Ҳалокатга учраган дрон кимга тегишли бўлиши мумкинлиги ҳозирча номаълум. Полиция воқеа тафсилотларини аниқлаштирмоқда.
Ғарбий Қозоғистоннинг Жонибек тумани Россиянинг Волгоград ва Саратов вилоятлари билан чегарадош. Яқинда Саратов вилоятига Украина дронлари ҳужум қилиб, Энгелс шаҳридаги аэродромга кучли зарба берган эди.