Самарқанд – Евроосиё мулоқотининг янги маркази:

Yangiliklar  ●  4 weeks ago

"Марказий Осиё – Европа Иттифоқи" саммити ва Ўзбекистоннинг стратегик роли

2025 йил 3–4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” (ЕИ) биринчи саммити нафақат минтақавий, балки глобал сиёсий ва иқтисодий жараёнлар учун муҳим воқелик сифатида баҳоланмоқда. Ушбу саммит, ўзининг миқёси, иштирокчилар таркиби ва муҳокама этиладиган мавзулари билан тарихий воқеа бўлиши кутилмоқда.

Бу саммит ЕИ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатларни янги босқичга кўтаришни кўзлайди. Европа Кенгаши ва Европа Комиссияси раислари Антониу Кошта ва Урсула фон дер Ляйен, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари иштирок этаётган ушбу тадбир – ЕИнинг Марказий Осиёга нисбатан стратегик ёндашувининг амалдаги ифодасидир.

Саммитнинг Самарқандда ўтказилиши ҳам тасодифий эмас – бу шаҳар тарихан йўллар туташган, цивилизациялар чорраҳасида жойлашган. У энди XXI асрда ҳам глобал мулоқотлар ва стратегик учрашувлар марказига айланмоқда.

Ўзбекистон бу саммитда нафақат мезбон, балки фаол ташаббускор сифатида қатнашмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари туфайли сўнгги йилларда мамлакат ташқи сиёсатда очиқлик, прагматизм ва мувозанатли ёндашув билан танилди. Европа Иттифоқи билан муносабатлар ҳам айнан шу ёндашув асосида кенгаймоқда.

2022 йилда имзоланган Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги келишув, таълим, инсон ҳуқуқлари, энергетика, инновациялар ва савдо каби соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун ҳуқуқий пойдевор яратди.

Бугунги кунда мингдан ортиқ Европа капиталига эга корхоналар Ўзбекистонда фаолият юритмоқда, 2023 йилда ЕИ билан товар айланмаси 5,8 миллиард долларни ташкил этди. Европа – Ўзбекистоннинг етакчи савдо ҳамкорларидан биридир.

Саммит Ўзбекистон учун бир қатор амалий фойдаларни тақдим этади. Хусусан, Европа Иттифоқи давлатлари билан янги иқтисодий ва инфратузилмавий лойиҳалар муҳокама қилиниши орқали сармоялар оқими орттирилади, Транскаспий транспорт йўлагини ривожлантириш эвазига маҳаллий маҳсулотларни Европа бозорларига етказиш имкониятлари кенгаяди. Шу билан бирга, Erasmus+, Эразмус Мундус ва таълим алмашинуви дастурлари ёшлар учун таълим ва маданий алоқалар соҳасида янги эшикларни очади. Яшил энергетика, экологик барқарорлик ва сув ресурсларини бошқариш йўналишларида қатор Европа давлатлари билан ҳамкорлик янада чуқурлашади. Чегара хавфсизлиги, миграция ва рақамли инфратузилма бўйича қўшма дастурлар эса мамлакатнинг хавфсиз ва рақамлашган келажагини таъминлашга хизмат қилади.

Саммит Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлайди, давлатимизни Марказий Осиёдаги етакчи сиёсий, иқтисодий ва дипломатик марказ сифатида кўрсатади. Самарқанд шаҳри глобал сиёсий мулоқот майдони сифатида яна бир бор ўз нуфузини намоён этади.

Самарқанд – глобал тенденциялар ва минтақа келажаги муҳокама этиладиган марказга айланмоқда.

Ушбу саммит – Ўзбекистон учун иқтисодий имконият, сиёсий нуфуз ва геостратегик муносабатларни ривожлантиришдаги муҳим воқеликдир. У мамлакатнинг очиқ, ислоҳотларга асосланган сиёсий курсини намоён этиб, Европа билан барқарор ва узоқ муддатли ҳамкорлик эшикларини очади.

Бу фақат учрашув эмас – бу келажакни қуриш саммити.

Follow
Loading

Signing-in 3 seconds...

Signing-up 3 seconds...