Парижда Худойберган Девонов меросига бағишланган фотокўргазма очилди

Yangiliklar  ●  3 weeks ago

Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ушбу фотокўргазмада нутқ сўзлади.

Франция пойтахти Париж шаҳрида Марказий Осиёдаги биринчи профессионал фотограф ва кинотасвирчи Худойберган Девонов томонидан олинган кадрлардан иборат “Замонлар оша нигоҳ: Худойберган Девонов мероси” кўргазмаси ўтказилмоқда. Бу ҳақида Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ўз саҳифасида маълум қилди.

“Бу — маданий ўзлигимизни ифода этувчи ташаббуслардан бири, қадриятларимиз ва анъаналаримизни англаш учун бебаҳо тарихий манба”, деб ёзади Саида Мирзиёева.

Қайд этилишича, парижликлар улкан архивнинг бир қисми бўлган ушбу фотоколлекциядаги кўплаб суратларнинг илк томошабинига айланишади.

“Мазкур ноёб суратлар илгари на мамлакатимизда, на хорижда намойиш этилган. Уларда ўтмишнинг бетакрор лаҳзалари – Хоразмнинг кундалик ҳаёти, урф-одатлари, меъморчилиги ва одамлар турмуши акс этган. Экспозиция тарихимизнинг ноёб саҳифаларини очиб беради, маданий меросимиз нақадар ранг-баранг ва бой эканини намоён этади”, дея қўшимча қилнган Президент ёрдамчиси.

Бундан ташқари, Саида Мирзиёева апрел ойининг илк кунида ЮНЕСКО бош қароргоҳида Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри ўз маҳоратини намойиш эганига ҳам тўхталиб ўтди. Қайд этилишича, мазкур оркестр ижросида Шарқнинг буюк шоирлари — Навоий, Бобур, Умар Хайём ва Нодира асарлари асосида яратилган мусиқий тароналар тақдим этилган.

“Алибек Кабдураҳмонов ва Рихтер Трио бошчилигида Парижда “The Sands of Time” (“Вақт қумлари”) концерти бўлиб ўтди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Нодира Пирматова ва Ғуломжон Муҳаммаджонов юртимиз тарихи ва маданий меросини саҳнада ўзига хос тарзда жонлантириб, томошабинларга анъанавий мусиқий маданиятнинг янгича, муаллифлик талқинини намойиш этдилар”, деб ёзади Саида Мирзиёева.

Follow
Loading

Signing-in 3 seconds...

Signing-up 3 seconds...