Мирзиёев Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ҳамкорлигидаги устувор йўналишларни кўрсатиб ўтди

Yangiliklar  ●  3 weeks ago

У сентябрь ойида Тошкентда минтақадаги давлат раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви ўтказилишини айтди.

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги саммитда минтақа мамлакатларининг умумий сиёсий иродаси туфайли барқарор ва ортга қайтмас тус олган Марказий Осиёдаги чуқур трансформация жараёнлари кўпқиррали ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилаётганини қайд этди.

«Минтақа мамлакатлари ўртасида ишонч ва яхши қўшничилик мустаҳкамланмоқда, кенг кўламли ҳамкорлик ва кооперация алоқалари кенгаймоқда. Бундан етти-саккиз йил аввал бунинг учун ҳатто шароит ҳам йўқ эди. Баъзи мамлакатлар ўртасидаги чегаралар ёпиқ эди. На савдо, на транзит, на бизнес, ҳеч қандай гуманитар алмашувлар йўқ эди. Муносабатлар шунчаки музлатиб қўйилганди. Ўшанда ҳеч ким яқин келажакда биз Европа етакчилари билан музокараларда минтақамизни биргаликда намоён этишимизни тасаввур ҳам қила олмас эди.

Марказий Осиёнинг очиқлиги ва барча шериклар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёр экани минтақада хавфсизлик ва фаровонликни таъминлашнинг энг муҳим шартига айланди.

Шу йил сентябр ойида биз Тошкентда минтақадаги давлат раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувини ўтказамиз ва унинг доирасида умумий кун тартибидаги барча долзарб вазифаларни очиқ ва конструктив ҳал қиламиз.

Бугунги саммитимиз арафасида тарихий воқеалар бўлиб ўтганини алоҳида қайд этишни истардим. Бу ўринда гап Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида давлат чегаралари масаласи тўлиқ ҳал этилгани ва делимитация қилиш бўйича келишувлар имзолангани ҳақида бормоқда.

Яна бир бор ҳурматли ҳамкасбларим Имомали Шарипович Раҳмон ва Садир Нурғожоевич Жапаровни самимий табриклайман.

Биз биргаликда минтақада йирик инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошираётганимизни таъкидлаш жоиз. Бундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун қўшма инвестиция жамғармалари ва компаниялари фаолият кўрсатмоқда. Минтақада ички савдо ҳажми ошиб бормоқда. Уларни рағбатлантириш учун чегараолди савдо зоналари яратилмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатларимиз ва бутун минтақамизнинг барқарор иқтисодий тараққиётига имкон яратаётганини таъкидлашни истар эдим», деди давлат раҳбари.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки экспертлари ҳисоб-китобларига кўра, минтақавий ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши бу йил олти фоизгача етиши ва бу бошқа минтақалардаги ўртача кўрсаткичдан сезиларли даражада юқори бўлиши таъкидланди. Жумладан, Ўзбекистонда саноатлаштириш, инфратузилмаларга сармоялар киритиш, иқтисодиётни либераллаштириш ва бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳисобидан барқарор иқтисодий ўсиш таъминланмоқда.

Умумминтақавий ўзига хосликни шакллантириш, шунингдек, маданий-гуманитар ва таълим бўйича алмашувларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳамкорликдаги ишларимизни алоҳида таъкидланган.

«Биз мамлакатларимизда етакчи миллий ўқув муассасаларининг филиалларини очяпмиз. Хорижий сайёҳлар учун ягона Марказий Осиё визаси лойиҳасини илгари суряпмиз», деган Ўзбекистон президенти.

Илк саммит Қозоғистон ва Қирғизистонда муваффақиятли ўтган Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи етакчиларининг иккита учрашувининг мантиқий давоми экани қайд этилди. Ушбу мулоқотлар ҳар икки томоннинг манфаатларини тушуниш ва шерикликнинг умумий йўналишларини белгилаб олиш учун фойдали бўлган. Сўнгги йилларда Европа Иттифоқи билан ўзаро ҳамкорлик сезиларли фаоллашгани кузатилмоқда.

Кейинги етти йилда Марказий Осиё мамлакатларининг Европа Иттифоқи билан ўзаро товар айланмаси ҳажми бир неча баробар ўсиб, 54 миллиард еврога етди. Ҳамкорликнинг самарали платформалари ишга туширилди. Барча муҳим йўналишларда вазирлар иштирокида мажлислар, форумлар, саммитлар ва конференциялар доимий ўтказиб келинмоқда.

Шу билан бирга, ушбу учрашув кўпқиррали муносабатларимиз ривожида янги босқичнинг ўзига хос бошланиш нуқтаси бўлиши лозим, деб ҳисоблайман.

Шу муносабат билан, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда ҳамкорликдаги ишларнинг устувор йўналишлари кўрсатиб ўтилган.

Биринчи. Бу – сиёсий мулоқотларни мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ва инвестициялар, кўп томонлама ҳамкорликнинг ҳуқуқий ва институционал асослари.

Саммит якунлари бўйича Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасида стратегик шериклик ўрнатиш ҳақида тарихий қарор қабул қилинади. Қабул қилинадиган ҳужжатнинг қоидаларини амалга оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни биргаликда ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Ишончим комилки, бизнинг стратегик шериклигимиз аниқ қарорлар, лойиҳа ва дастурлар билан бойитилиши керак. Шу муносабат билан, бизнинг икки минтақамиз ўртасида шериклик ва ҳамкорлик бўйича тўлақонли Битимни имзолаш масаласини кўриб чиқишни таклиф этамиз.

Биз, шунингдек, халқаро ва минтақавий кун тартибидаги муҳим масалалар бўйича умумий позицияларни ишлаб чиқиш учун ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари учрашувларини доимий ўтказиб бориш, парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш ва “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” парламентлараро ҳамкорлик форумини таъсис этиш ҳамда унинг илк тадбирини шу йил кузда Ўзбекистонда ўтказиш, етакчи таҳлил марказлари ҳамкорлигини кенгайтиришни таклиф этамиз.

Саммитимизни ҳар икки йилда бир марта ўтказиш бўйича таклифни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Келишувларимизни ўз вақтида амалга оширишни таъминлаш бўйича тизимли ишлаш мақсадида навбатдаги йиғилишимизга қадар саммит котибияти функциясини ўз зиммамизга олишга тайёрмиз.

Иккинчи. Иқтисодиёт ва технологик модернизацияга инвестициялар киритиш ўзаро ҳамкорлигимизнинг устувор мезони бўлиши лозим.

Биз июнь ойининг бошида Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан шерикликда Тошкент халқаро инвестиция форумини ўтказамиз. Ушбу тадбирда Европанинг етакчи компания ва банклари билан умумий қиймати 30 миллиард евродан ортиқ бўлган жорий лойиҳалар портфелини тақдим этиш ниятидамиз.

Таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда Европанинг барча бизнес “капитанлари”, саноат ва инновация соҳалари етакчилари Ўзбекистон ва минтақамиздаги бошқа мамлакатларда муваффақиятли иш олиб бормоқда. Улар орасида “TOTAL”, “Siemens”, “Linde”, “Airbus”, “BASF”, “IDF”, “Orano”, “OTP Group” ва бошқа кўплаб корпорациялар бор.

Форум жараёнида икки минтақанинг инвестициявий имкониятларига бағишланган алоҳида сессияни ўтказишни таклиф этаман. Ўзбекистонда Европа компаниялари учун Минтақавий саноат парки концепцияси тақдимотини ҳам ана шу сессияда ўтказишни режа қиляпмиз.

Шу кунларда Тошкентда Европа инвестиция банки офисини очиш тўғрисида имзоланган битим Европа Иттифоқи мамлакатларидан Марказий Осиёга тўғридан-тўғри инвестициялар оқимини рағбатлантиради.

Европалик шерикларимиз яна бир ташаббусимизни – “яшил” энергетика, инновациялар, транспорт, инфратузилма соҳаларида ва аграр секторда йирик минтақавий лойиҳаларни илгари суриш учун Инвестиция платформасини ишга тушириш бўйича таклифимизни қўллаб-қувватлашига умид қиламиз.

Бундан ташқари, мамлакатларимизнинг иқтисодий манфаатларини яқинлаштириш бўйича қатор янги таклифларни билдирмоқчимиз. Бу, энг аввало, инвестицияларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш тўғрисидаги кўптомонлама битимни имзолаш, хусусий сектор вакилларини кенг жалб этган ҳолда, “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” қўшма савдо палатасини ишга тушириш, кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини, биринчи галда, хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма минтақавий дастурларни қабул қилишга қаратилгандир.

Ўзбекистонда ўзаро транспорт боғлиқлиги бўйича навбатдаги Иқтисодий форум ва Инвесторлар форумини қабул қилишга тайёрмиз.

Шунингдек, экспорт қилувчиларимиз салоҳиятини ошириш, лабораториялар, стандартлаштириш ва сертификатлаштириш марказларини яратиш учун Европа Иттифоқининг техник кўмагини кенгайтириш муҳимдир.

Учинчи. Саммит давомида стратегик минерал ресурслар соҳасида ҳамкорлик ва инвестицияларни чуқурлаштириш бўйича қарор қабул қилинади.

Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон геология-разведка, стратегик хомашё материаллари конларини ўзлаштириш ва уларни чуқур қайта ишлаш соҳасида юқори технологик ишлаб чиқариш тармоқларини яратиш борасида Европадаги етакчи компаниялар билан ҳамкорлик қилиш бўйича катта ижобий тажрибага эга. Биз бу йўналишда Европа Иттифоқи билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ниятидамиз.

Ушбу маҳсулотларни, шунингдек, тайёр саноат ва қишлоқ хўжалиги товарларини Европа бозорларига етказиб бериш учун самарали транспорт йўлакларининг йўқлиги бунда асосий тўсиқ ҳисобланади. Жумладан, Транскаспий транспорт коридорини кенгайтириш ва юк билан таъминлаш учун ўзаро мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни ва бизнес учун манфаатли шароитларни ишлаб чиқиш зарур. Ишонаман, ушбу вазифалар “Глобал дарвоза” умумевропа дастурининг мақсадларига тўлиқ мос келади.

Шу муносабат билан, келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш учун Европа Иттифоқи шафелигида ушбу йўналишда жойлашган мамлакатларнинг транспорт вазирлари учрашувини чақиришни таклиф этамиз.

Тўртинчи. “Яшил” энергетика ва экологик барқарорликка йўналтирилган инвестициялар стратегик аҳамиятга эга бўлиб бормоқда.

Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидан Европага электр энергиясини етказиб бериш бўйича халқаро лойиҳани тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Саммит арафасида ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича тегишли битимни ратификация қилдик.

Таъкидлаш ўринлики, биз 2030 йилга бориб мамлакат энергия балансида қайта тикланадиган энергия улушини 54 фоизга етказишни, 24 минг мегаватт “яшил” қувватларни ишга туширишни режалаштирмоқдамиз.

“Тоза” энергия бўйича “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” шериклигининг йўлга қўйилиши билан ўзаро ҳамкорлигимизнинг муҳим платформаси яратилиши мумкин.

Шунингдек, “углерод кредитлари” лойиҳаларини ишлаб чиқишни молиялаштириш ва уларнинг бозорини ривожлантириш учун турдош вазирликлар раҳбарлари даражасида ишчи гуруҳни таъсис этишни таклиф этамиз. Бўлиб ўтиши кутилаётган Иқлим форуми чоғида минтақанинг “Яшил” тараққиёт концепциясини тақдим этамиз.

Бешинчи. Инсон капиталига инвестициялар таълим ва маданий-гуманитар соҳалардаги алмашувларни кенгайтириш имконини беради.

Юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш бўйича “ЭРАЗМУС ПЛЮС” дастурлари доирасида минтақа мамлакатлари учун махсус квоталарни жорий этиш  ушбу мақсадга эришишга хизмат қилиши мумкин.

Марказий Осиё мамлакатлари билан илмий-таълим ҳамкорлигини кенгайтириш учун Ўзбекистонда “Уфқ – Европа” дастури офисини очишга тайёрмиз. Бундан ташқари, сунъий интеллект, маълумотлар “катта базалари”, рақамлаштириш, космик тадқиқотлар соҳасида илмий ва технологик алмашувлар бўйича қўшма дастурни ишлаб чиқишни таклиф этамиз.

Ўзбекистон, шунингдек, минтақа мамлакатларини рақамли таълим соҳасида Европа ҳаракатлар дастурига қўшиш, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи мамлакатлари етакчи университетлари ўртасида шериклик борасида “Йўл харитаси”ни амалга ошириш бўйича ташаббусларни илгари суради.

Европалик мутахассислар иштирокида “Лазги” миллий балетининг саҳналаштирилиши маданият соҳасидаги кооперациянинг яққол мисоли бўлди. Европадаги Лувр, Берлин Янги музейи, Вена Бутунжаҳон музейи каби йирик музейларда Марказий Осиёнинг тарихий меросига бағишланган кўргазмалар муваффақиятли ўтказилди.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг кузида ушбу заминда, Самарқандда ўтадиган, сўнгги қирқ йилда Париждан ташқарида илк бор бўладиган ЮНЕСКО Бош конференцияси чоғида барча хорижий шерикларимизни минтақамиз халқларининг бой маданияти ва санъати билан янада кенг таништиришни хоҳлар эдик.

Шунингдек, жорий йилда Бухорода биринчи “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” сайёҳлик форумини ўтказишни режа қиляпмиз.

Европа Иттифоқи мамлакатлари тажрибасини жорий этиш асосида “Бир тур – бутун минтақа” концепциясини амалга ошириш, шунингдек, минтақамиз сайёҳлари учун виза режимини соддалаштириш масаласини кўриб чиқишда европалик шерикларимизнинг кўмагига таянамиз.

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Хавфсизликка нисбатан умумий таҳдидлар, хусусан, терроризм, экстремизм, радикализм, кибержиноятчилик, наркотрафик ва ноқонуний миграцияга қарши курашишда ҳамкорлик тобора долзарб бўлиб бормоқда.

Европалик шерикларимизнинг терроризмга қарши курашиш масалалари бўйича мулоқотни йўлга қўйиш ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватлаймиз. “BOMCA” ва “CADAP” дастурлари доирасида ўзаро амалий ҳамкорликни кенгайтириш муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Афғонистонни тинч ривожлантириш масалаларида сиёсий маслаҳатлашувларни давом эттиришга тайёрмиз. Минг афсуски, жаҳон ҳамжамияти ушбу мамлакат ҳудудидан келиб чиқадиган барча таҳдидларни етарлича баҳолай олмаяпти.

Афғон томонини минтақавий иқтисодий жараёнларга, жумладан, инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, ижтимоий соҳани қайта тиклаш йўли билан фаол жалб этиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Қабул қилинган мажбуриятларни бажариш учун халқаро ҳамжамиятнинг амалдаги афғон ҳукумати билан конструктив мулоқот ўрнатиш муҳимлигини тушуниши ва қўллаб-қувватлашига умид қиламиз.

Ҳурматли саммит иштирокчилари!

Сўзимнинг ниҳоясида бизнинг ташаббус ва келишувларимизни амалга ошириш механизмларини жорий этиш муҳимлигини алоҳида қайд этишни истар эдим.

Шу муносабат билан, “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматида Бош вазир ўринбосарлари даражасида ҳар йили учрашувлари ўтказиб бориладиган Шериклик қўмитасини таъсис этиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Қадрли дўстлар!

Барчангизга очиқ, ишончли ва конструктив мулоқот учун яна бир бор чуқур ташаккур изҳор этаман.

Ишончим комилки, Европанинг етакчи институтлари ва молия ташкилотлари раҳбарлари Марказий Осиёнинг умумий позицияга эга эканига, ишончли ва масъулиятли шерик сифатида кенг кўламли ҳамкорликка тайёр эканига амин бўлишди.

Барчангизни икки минтақа ўртасида стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисида тарихий қарор қабул қилиниши билан табриклайман.

Эришилган барча келишувлар ва илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш учун Саммит котибиятига, экспертлар билан биргаликда, бир ой муддатда, биз ишчи тартибда тасдиқлашимиз мумкин бўлган “Йўл харитаси”ни тайёрлаш таклифини билдираман.

Follow
Loading

Signing-in 3 seconds...

Signing-up 3 seconds...