Самарқанд шаҳрида Марказий Осиё Иқлим форуми ўз ишини бошлади. Форум доирасида иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва минтақанинг яшил ривожланишини таъминлашга қаратилган стратегик ташаббуслар муҳокама қилинмоқда.
Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёеванинг қайд этишича, Марказий Осиё табиий омилларга энг таъсирчан минтақалардан бири бўлиб, сўнгги 70 йил ичида минтақадаги ҳарорат 1,5–2°Cга кўтарилган. Орол фожиаси эса глобал экологик инқирознинг рамзига айланган.
Саида Мирзиёева Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Марказий Осиёнинг яшил ривожланиш” концепцияси ишлаб чиқилаётганига ҳам алоҳида тўхталиб, у яшил технологиялардан тортиб барқарор урбанизациягача бўлган барча соҳаларни тўла қамраб олиши, ушбу концепция COP30 форумида қабул қилинишига умид қилишини билдирди.
“Оролбўйи ва Қорақалпоғистонни ривожлантириш шахсан мен учун устувор вазифадир. Бу борада учта йўналишда — экология, инфратузилма ва маданий тикланиш бўйича иш олиб боряпмиз. Эртага Нукусда очилиши бўлиб ўтадиган Орол маданият саммити ҳам фан, санъат ва жамият ўртасида ўзига хос мулоқот майдони бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда. Биз мулоқот ва ҳамкорликка очиқмиз. Фақатгина биргаликда биз Ер юзини асраб қолишимиз ва фарзандларимиз, набираларимиз ҳамда биздан кейинги барча авлодлар учун яхшироқ келажакни барпо этишимиз мумкин”, дейди Президент ёрдамчиси.
Шунингдек, Саида Мирзиёева мазкур форум доирасида Европа Кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляен билан шахсан танишганидан мамнун эканини қўшимча қиларкан, “Урсула фон дер Ляен хонимнинг етакчилиги ва иқлим кун тартибини илгари суришдаги изчиллиги илҳом бағишлайди ҳамда самарали халқаро ҳамкорликка бўлган ишончни мустаҳкамлайди”, дея фикр билдирди.