Шунингдек, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Инклюзив дуал таълим маркази очилди.
Мамлакатнинг Берлиндаги элчихонасида Германия меҳнат бозорига Ўзбекистондан мутахассисларни жалб қилишга қаратилган уч томонлама англашув меморандумни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистондаги тижорат банки бошқарув раиси Ориф Бўтаев, International People IP GMbH and Co.KG компанияси раҳбари Томас Фёрстер бошчилигидаги делегация, дипломатлар, шунингдек, онлайн тарзда German Sparkassenstiftung for International Cooperation ташкилотининг Ўзбекистондаги раҳбари Манфред Ванглер иштирок этди.
Имзоланган меморандумга кўра, немис томони мутахассисларни гастрономия, озиқ-овқат логистикаси, логистика ва гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш саноати соҳаларида Германия корхоналарида ишлашга тайёрлаш учун дуал касбий таълим ўқув юртларида ўқиш жараёнини енгиллаштириш мақсадида тил курслари таклиф этади. Шунингдек, сараланган мутахассисларга виза ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириш, Германияда кутиб олиш, иш ва яшаш жойлари билан таъминлаш ва рўйхатдан ўтказиш ишларида яқиндан ёрдам беради.
“Тошкент шаҳрида компаниямизнинг International People Education GmbH тил ўқув маркази ўз фаолиятини бошлади. Ҳозирги кунда ўқув марказида немис тили билим даражасини аниқлаш бўйича халқаро тил сертификатлари олиш учун мўлжалланган тил курслари ҳамда касбга йўналтирилган махсус тил курсларига қатнашиш имконияти мавжуд”, деди ўқув маркази раҳбари Акбар Фахриев.
Шунингдек, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Инклюзив дуал таълим маркази International People IP GmbH and Co. KG билан ҳамкорликда очилди.