Халқаро майдонда аёлларнинг фаоллиги ва етакчилигини акс эттирувчи муҳим тузилмалардан бири Парламент аёллар форуми ҳисобланади.
Форум Парламентлараро иттифоқ (Inter-Parliamentary Union – IPU) доирасида 40 йилдан бери фаолият юритиб келади.
Бош мақсади гендер тенгликни тарғиб қилиш, аёлларнинг сиёсий жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш ва барқарор ривожланишга ҳисса қўшишдан иборат.
Парламент аёллар форуми фаолиятини тўлиқ тушуниш учун, аввало, IPU нима эканини билиш лозим.
Парламентлараро иттифоқ – бу дунё парламентларини бирлаштирувчи энг қадимий ва энг нуфузли халқаро ташкилотлардан бири. 1889 йилда ташкил этилган.
Бугунги кунга келиб 181 та миллий парламент ва 15 та минтақавий уюшмани ўз ичига олади.
Гендер тенглик масаласи IPUнинг асосий фаолият йўналишларидан бири. Ташкилот ҳар йили “Парламентдаги аёллар” индексини эълон қилиб боради, бунда турли давлатлардаги аёллар сиёсий вакиллиги даражаси таҳлил қилинади. Рейтингда Ўзбекистон 193 та мамлакат орасида 36-ўринни эгаллади.
Парламент аёллар форуми ўтган 40 йиллик фаолияти давомида аёлларнинг сиёсий жараёндаги иштирокини кенгайтиришга ва гендер тенгликни илгари суришга хизмат қилиб келмоқда.
Илк марта Марказий Осиё минтақасида ўтаётган Иттифоқ Ассамблеяси доирасида Парламент аёллар форуми 39-сессияси Тошкент шаҳрида ташкил этилди.
Форумда 200 дан ортиқ иштирокчи – аёл депутатлар, халқаро экспертлар, етакчи аёллар глобал муаммоларни муҳокама қилдилар.
Унда Ўзбекистон тажрибаси – мамлакатда аёл депутатлар улуши 38 фоизга етгани, сиёсий партиялар рўйхатидаги гендер квотасининг 40 фоизга кўтарилгани, энг муҳими, гендер тенглик миллий модели ишлаб чиқилгани алоҳида эътироф этилди.
Сессияда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаеванинг Форум президенти этиб сайланиши эса Ўзбекистоннинг гендер сиёсати соҳасидаги саъй-ҳаракатлари халқаро майдонда тан олинаётганининг яққол далили бўлди.
Парламент аёллар форуми бу шунчаки халқаро мулоқот майдони эмас, балки аёллар сиёсий куч сифатида тан олинаётган ва уларнинг овози халқаро сиёсатга таъсир кўрсата бошлаган платформадир. Буни форумнинг Тошкентда ўтаётган 39-сессияси яққол кўрсатиб берди.