Президент Ўзбекистон ҳар қандай зиддиятларни фақат дипломатия йўли билан ҳал этишнинг қатъий тарафдори эканини айтди.
Шавкат Мирзиёев 7 апрель куни Тошкентда ўтаётган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси ялпи мажлисида нутқ сўзлаб, Украина, Ғазо сектори ва Афғонистондаги вазиятга эътибор қаратди.
Президент Ўзбекистон ҳар қандай зиддият ва қарама-қаршиликларни фақат дипломатия ва тинч музокаралар йўли билан ҳал этишнинг қатъий тарафдори эканини яна бир бор таъкидлади.
“Умид қиламизки, Украина атрофидаги вазият бўйича бошланган музокаралар жараёни ўзининг ижобий натижасини, албатта, беради”, деди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев энг оғриқли муаммоларга халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган меъёрлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг низоми ва резолюциялари асосида ечим топиш муҳимлигини айтди.
“Жумладан, Фаластин—Исроил низосининг ягона ва адолатли ечими икки халқ учун — икки давлат тамойилини рўёбга чиқаришдан иборатдир”, деди президент.
Шавкат Мирзиёев қўшни Афғонистон масаласига ҳам тўхталди.
“Ушбу мамлакатнинг халқаро майдонда яккаланиб қолишига йўл қўймаслик, амалдаги ҳукумат билан конструктив мулоқот ўрнатиш, Афғонистонга Марказий Осиё минтақасининг ажралмас қисми ва янги имкониятлар макони сифатида қараш лозим, деб ҳисоблаймиз. Бу борада парламентларнинг кўмагига ишонамиз”, деди Ўзбекистон етакчиси.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотини универсал ва муқобили йўқ ягона глобал тузилма сифатида эътироф этишини таъкидлади. Бу борада бош котиб Антониу Гутерришнинг мазкур халқаро ташкилотни чуқур ислоҳ қилиш, унинг салоҳиятини ошириш бўйича олиб бораётган тизимли саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлади.
Давлат раҳбари Евросиё гуруҳининг Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган баёнотини тўла олқишлади.