Чилпиқ қалъасида замонларни бирлаштирган симфония

Маданият  ●  3 weeks ago

Қорақалпоғистон заминида тарихда илк бор жонли ижрода, очиқ осмон остида – open air форматда симфоник концерт ташкил этилди.

Кеча, 6 апрель куни ўтказилган бу жўшқин мусиқа анжумани қадимий Чилпиқ қўрғони бағрида бўлиб ўтди. Ҳар бир тошида тарихнинг оҳи сақланган бу муқаддас маскан мусиқа садоларига ғарқ бўлди – гўё ўтмиш, бугун ва келажак бир паллада бирлашди.

Мазкур концертнинг марказий қаҳрамони – машҳур россиялик пианист Кирилл Рихтер бўлиб, у Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри ҳамроҳлигида ўз маҳоратларини намоён этди. Уларнинг ижросида янграган ҳар бир асар нафақат мусиқа, балки ҳиссиёт, тарих ва илҳом билан тўлган бир ҳикояга айланди.

The Sands of Time – Вақт қумлари деб номланган концерт Шарқнинг буюк шоирлари – Бобур, Алишер Навоий, Умар Хайём ва Нодирабегимнинг бетакрор меросидан илҳомланиб яратилган. Бу мусиқа тўплами нафақат маданий, балки руҳий уйғониш, маънавий кўприк вазифасини ўтади.

Шарқ шеърияти, халқона оҳанглар ва замонавий симфоник мусиқанинг уйғунлиги анжумандаги ҳар бир иштирокчини ўзига ром этди. Гўёки ноталар орасида шеърлар товушланди, қалблар уфқида тарих жонланди. Чилпиқ қўрғони фақат тарихий ёдгорлик эмас, балки ижод ва илҳом масканига айланди.

Бу анжуман фақат концерт эмас, балки ўзининг маънавий юки, маданий қиммати билан Нуқус ва жаҳон мусиқа саҳнаси ўртасидаги янги бир кўприкдир. У нафақат Қорақалпоғистон, балки бутун Ўзбекистон маданий ҳаётида унутилмас воқеа бўлиб қолади.

Абадийлик тимсоли бўлган саҳро, Шарқнинг бетакрор сўз дунёси ва замонавий мусиқанинг ёнма-ён юришидан туғилган “The Sands ofTime” — бу лойиҳа нафақат ўтмишга эҳтиром, балки келажакка ниятдир.

Follow
Loading

Signing-in 3 seconds...

Signing-up 3 seconds...