Ярим марафонда жами 27 минг киши иштирок этган, 50 нафар спортчига тиббий ёрдам кўрсатилишига тўғри келди.
6 апрель куни Мадридда ўтказилган ярим марафонда қатнашган икки эркак юрак муаммолари сабабли вафот этди. Бу ҳақда Eldiario.es хабар бермоқда.
Марҳумлардан бири 35 ёшда эди. У маррага 500 метр қолганда юрак хуружига учраган. Эркак шифохонага етказилган бўлса-да, шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қололмаган.
Иккинчи марҳум 20 ёшда бўлиб, у ҳам тезлик билан шифохонага олиб келинган, аммо ўша ерда жон берган.
Ярим марафонда жами 27 минг киши иштирок этган, 50 нафар спортчига тиббий ёрдам кўрсатилишига тўғри келди.
Мадрид ярим марафони 24 йилдан буён ўтказиб келинади. 2010 йилда 31 ёшли спортчи пойга маррасини кесиб ўтгач, ҳушидан кетиб вафот этган. 2005 йилда эса мадридлик 24 ёшли йигит пойгада иштирок этаётганда тўсатдан вафот этган.
Соғлом турмуш тарзини тарғиб қиладиган марафонда спортчиларнинг вафот этиши ажабланарли. Сиз ҳам шунга ўхшаш вазиятларни кўрганмисиз? Изоҳларда ёзиб қолдиринг.