Омонхона маҳалласида кузатилган ҳодисада сел суви масжид ҳовлисига оқиб кирган бўлса, Мунчоқ қишлоғида ички йўлни ювиб кетган.
Бойсун туманида сел ва сув тошқинлари кузатилди. Бу ҳақда Ўзгидромет маълумот берди.
Маълум қилинишича, 9 апрел куни соат 21:50 да туманнинг Инкобод ва Омонхона маҳалласи ҳудудида сел келган. Сув сарфи тахминан 10-15 метр кубга етган. Ёғингарчилик миқдори 0,5 мм бўлган.
Сув ўтказгичларга хас-хашаклар тиқилиши оқибатида тошиб чиққан сел сувлари ички йўлларга ҳамда “Омонхона” масжиди ҳовлисига оқиб кирган. Шунингдек “Дарбанд-Бойсун-Элбаён” 4Р-105 автомобил йўли қирғоқларига тошиб чиққан.
Туманнинг Мунчоқ қишлоғида кузатилган сел ҳодисасида эса сув сарфи тахминан 80-90 метр кубни ташкил қилган. Сел чақмоқ ва жала кўринишидаги ёмғирдан сўнг келган. Сув тошиши оқибатида қишлоқ ички йўлларида йўлнинг ювилиб кетиши кузатилган. Ёмғир сувлари қишлоқдаги 1 та хонадон томорқасига кирган.