Ҳодиса қизалоқ мактабдан қайтаётганда таълим маскани атрофидаги ҳовлилардан бирида содир бўлган.
Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилоятининг Олот туманида мактаб ўқувчиси ҳожатхона қудуғига тушиб кетиб, вафот этгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 15 апрел куни мактаб атрофидаги ҳовлилардан бирида содир бўлган. Тумандаги 28-умумтаълим мактабининг 3-синфида ўқийдиган қиз дугоналари билан таълим маскани ёнидаги дўкон эгасининг ҳовлисига киришган. Ўша ерда ўқувчи ишлатилмайдиган эски сув қудуғига тушиб кетган.
«Қизалоқнинг ёнидаги дугоналари мактабга хабар берган. Мактаб қоровули етиб бориб, ўқувчини қудуқдан олиб чиққан. Аммо қўрқувданми ўзи ҳам кома ҳолатига тушиб қолган. Ҳозир хабар олдим, комадан чиқаётганини айтишди. Қоровулни мактаб директори ва бошқалар қудуқдан тортиб олишган.
Қизни машинада шифохонага жўнатишган. У йўлда ёки шифохонага боргач вафот этган. Ўқувчининг уйи ҳам мактаб ёнида бўлган», дейди Тўхтажон Қутлиев.
Ҳодиса жойига туман ҳокими, ФВБ раҳбари ва бошқа масъуллар етиб борган.