ЖДПУда 15 FLTAL мега конференцияси ўтказилди

Yangiliklar  ●  6 months ago

Ушбу конференцияда Шимолий Америкадан Англиягача, Африкадан Осиёгача, Европадан Хитойгача бўлган қитъаларни қамраб олган 23 мамлакатдан 100 дан ортиқ олимлар ўз маърузалари билан қатнашишди.

Бутун жаҳонда таълим тизимида бўлганидек, Ўзбекистонда ҳам чет тилларни ўқитиш соҳасида замонавий илғор педагогик инновациялар ва энг сўнгги илмий-методик тадқиқотларни тақдим этиб бориш айни кунларда даврнинг муҳим талабларидан бирига айланиб қолди. Ана шу талабларни ўз вақтида ва оқилона қондириш мақсадида амалий тилшунослик профессори Азамат Акбаров асос солган ва барча 15 та анжуманларига ўзи раислик қилиб келган FLTAL уюшмасининг навбатдаги 15-чи чет тилларни ўқитиш ва амалий тилшунослик бўйича анъанавий йиллик конференцияси (Foreign Language Teaching and Applied Linguistics – FLTAL) жорий йилнинг 2-3 май кунлари Жиззах давлат педагогика университетида ўтказилди.

Ушбу конференцияда Шимолий Америкадан Англиягача, Африкадан Осиёгача, Европадан Хитойгача бўлган қитъаларни қамраб олган 23 мамлакатдан 100 дан ортиқ олимлар ўз маърузалари билан қатнашишди. Жазоир, Австрия, Озарбайжон, Канада, Хитой, Эквадор, Ҳиндистон, Эрон, Италия, Қозоғистон, Шимолий Македония, Покистон, Румыния, Саудия Арабистони, Словения, Нидерландия, Туркия, БАА, Украина, Буюк Британия, АҚШ, Ўзбекистон ва Вьетнам каби давлатлардан олимлар қатнашишди. Ушбу мега-анжуман университетнинг амалий тилшунослик, лингвистик тадқиқотлар ва таълим учун муҳим марказлардан бири эканлигини исботлайди.

Конференцияда ялпи мажлисида сўзга чиққан дунёнинг топ-100 талигига кирган университетларининг нуфузли спикерлари чет тилини ўқитиш ва унинг методологиясига оид сўнгги тадқиқотлар бўйича презентация қилишди. Пленар маърузачилар АҚШнинг Аризона давлат университети Пол Кей Матсуда ва Алабама университети профессори Али Фуад Сэлви, Канаданинг The University of British Columbia университети профессори Бонни Нортон ва Австриянинг Грац университети профессори Сара Мэрсер тил ўқитишдаги замонавий технологиялар, муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида ўз фиклари билан ўртоқлашдилар.

Бу йилги конференциянинг мавзуси «Хорижий тилларга мослашган синфлар учун инновацион педагогика: тил таълимида маданий компетенцияни ривожлантириш» назария ва амалиёт ўртасидаги тафовутни бартараф этишга қаратилган. FLTAL ташкилотчилари тадқиқот натижаларини таълим муассасаларида қўллашнинг турли методологияларини ўрганиш учун барча даражадаги тадқиқотчилар, амалиётчилар ва ўқитувчиларни жалб этишга ҳаракат қилишди. Ушбу ҳамкорлик муҳити янги ёндашувларни илҳомлантиришга ва глобал миқёсда тил таълими сифатини оширишга тўртки бўлади.

Хорижлик иштирокчилар қаторида Ўзбекистондаги ҳам давлат, ҳам хусусий ва халқаро университетларнинг олимлари ҳам ушбу муҳим воқеага ўз ҳиссаларини қўшишди, бу эса FLTAL-нинг академик ҳамжамиятдаги нуфузи ортиб бораётганини таъкидлайди.

Анжуманнинг очилиш маросимида унинг иштирокчилари олдида Жиззах давлат педагогика университети ректори, профессор Шавкат Шарипов, FLTAL раиси профессор Азамат Акбаров, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Жамоатчилик Кенгаши раиси профессор Феруза Рашидова, Америка амалий тилшунослик ассоциацияси президенти профессор Рьюко Кьюбото, Ўзбекистон инглиз тили ўқитувчилари ассоциацияси раиси Миржалол Мирсобитов ҳамда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси Жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг минтақавий инглиз тили бўлими (RELO) вакили Сандра Исраел конференциянинг очилиш маросимида ўз нутқлари билан чиқиш қилишди.

FLTAL конференцияси раиси профессор Азамат Акбаров, Жиззах давлат педагогика университети ректори профессор Шавкат Шариповга тадбирни ўтказишда кўрсатган беқиёс ёрдами учун самимий миннатдорлик билдирди. Профессор Азамат Акбаров ушбу анжуман нафақат университетнинг халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш, балки минтақадаги таълим ютуқлари ва маданий меросига эътибор қаратиш орқали туризмни ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.

FLTAL конференцияси икки кун давомида бўлиб ўтди. Конференция якунида делегатлар ўзининг меъморий мўжизалари ва маданий аҳамияти билан машҳур бўлган Самарқанднинг тарихий бойлиги билан танишиш имконига эга бўлишди.

Бу йилги FLTAL конференцияси бутун дунё бўйлаб олимларнинг тил таълими ва лингвистик тадқиқотларни кучайтириш, чегараларни ортда қолдирадиган ва академик ландшафтни бойитадиган ҳамкорликни ривожлантиришга содиқлигидан далолат беради.

Эслатиб ўтамиз: FLTAL конференциялари 2011-2016 йилларда Европа мамлакатларида ўтказилган бўлса, 2017 йилдаги анжуман Назарбаев Университетида (Қозоғистон), 2018 йил КИМЭП Университети (Қозоғистон)да, 2019 йили М. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида, 2020 йили юбилей 10-чи FLTAL Самарқандда “Ипак Йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университетида, 2021 йили Бухоро давлат университетида, 2022 йили Урганч давлат университетида, 2023, 2024 ва 2025 йиллари Жиззах давлат педагогика университетида бўлиб ўтганди.

Ушбу йиллар давомида конференциянинг асосий спикерлари сифатида жаҳоннинг энг машҳур тилшунослари қатнашишган. Булар жумласидан, 2013 йили дунёга машҳур тилшунос Ноам Хомский ҳам қатнашганди. Конференция вебсайти www.fltal.org

Follow
Loading

Signing-in 3 seconds...

Signing-up 3 seconds...