Италия – Марказий Осиё: биринчи саммит арафасида

Сиёсат  ●  3 weeks ago

Бугун, 29 май Олмата шаҳрида "Италия – Марказий Осиё" биринчи саммити бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон етакчилари ва Италия Бош вазири Жоржия Мелони иштирок этиши кутилмоқда.

Саммитдан нималар кутилмоқда?

Ушбу саммитнинг асосий мақсадларидан бири — Италия ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги мавжуд муносабатларни чуқур таҳлил қилиш, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб олишдир. Шу нуқтаи назардан, “яшил” энергия, транспорт, иқтисодиёт, савдо, инвестиция, олий таълим, халқ дипломатияси, фан, маданият ва гуманитар алмашинув каби соҳаларда амалий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама этилади.

Италия компаниялари учун минтақанинг аҳамияти

Сўнгги йилларда Марказий Осиёдаги сиёсий муҳитда содир бўлаётган ижобий ўзгаришлар Италия компаниялари учун катта қизиқиш уйғотмоқда. Минтақадаги стратегик шериклик имкониятлари, айниқса сув ва атроф-муҳит ресурсларидан оқилона фойдаланиш, олий таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш, саноат кооперацияси йўналишидаги ташаббуслар Италия бизнеси учун устувор йўналишлардан ҳисобланади.

Мазкур мақсадларда 2023 йил июнь ойида Ўзбекистонда, 2024 йил январда Қозоғистонда ва шу йилнинг апрелида Тожикистонда бизнес-форумлар ўтказилди. Бу ташаббуслар Италиянинг “ўсиш учун дипломатия” (diplomazia della crescita) концепциясига мос келади.

Шу билан бирга, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик ва энергетика соҳаларидаги минтақавий лойиҳалар ҳамкорликнинг асосий устувор йўналишлари сифатида кўрилмоқда.

Транспорт йўлаклари

Италия Марказий Осиёда темир йўл ва логистика инфратузилмасини ривожлантиришда иштирок этишга қизиқиш билдирмоқда. Хусусан, “Ўрта коридор” — Транс-Каспий халқаро транспорт йўлаги Италия учун стратегик аҳамият касб этади. Бу йўлак 2016 йилда Европани Марказий Осиё билан боғлаш мақсадида ишга туширилган бўлиб, Италия бу орқали ўз бизнесининг рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш, глобал таъминот занжирларини таъминлаш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш каби мақсадларни кўзламоқда.

Европа Иттифоқидаги йирик иқтисодий куч

Италия — Европа Иттифоқидаги уч йирик иқтисодиётдан бири бўлиб, 2,5 триллион долларлик ялпи ички махсулоти билан Европадаги иккинчи йирик ишлаб чиқариш давлатидир. Франция ва Германия билан бир қаторда Италия Европа иқтисодий сиёсатини шакллантиришда муҳим ўрин тутади.

Шунингдек, G7 ва G20 каби халқаро форматларда фаол иштирок этиб келаётган Италия дунё иқтисодиётидаги етакчи мамлакатлардан бири ҳисобланади.

Бунинг устига, расмий Рим халқаро ташкилотларда стратегик мавқега эга. Демак, Италия билан ҳамкорлик Марказий Осиё мамлакатлари учун нафақат иқтисодий, балки сиёсий жиҳатдан ҳам узоқ муддатли истиқболга эга.

Минтақалар ўртасидаги янги саҳифа

“Италия – Марказий Осиё” саммити – бу икки минтақа ўртасидаги муносабатларда янги саҳифанинг очилиши. Бу анжуманга шу ой бошида Самарқандда ўтказилган Европа Иттифоқи – Марказий Осиё саммитининг мантиқий давоми сифатида ҳам қаралиши мумкин. Саммит юқори даражадаги мулоқот, аниқ режалар, амалий йўл хариталари қабул қилиниши учун қулай платформа бўлади.

Сайфиддин Жўраев, Тошкент давлат шарқшунослик университети
Шарқ мамлакатлари сиёсати ва халқаро муносабатлар кафедраси профессори,
сиёсий фанлар доктори

Follow
Loading

Signing-in 3 seconds...

Signing-up 3 seconds...