
Генерациянинг 3,125 млрд кВт/соатлик қисми қуёш электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган.
Ўзбекистонда йил бошидан бери қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 5 млрд кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Генерациянинг 3,125 млрд кВт/соатлик қисми қуёш электр станциялари томонидан, 1,915 млрд кВт/соатлик қисми эса шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилди.
6 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистондаги қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 2025 йилда ишлаб чиқарилган электр энергияси миқдори 5 млрд кВт/соатни ташкил қилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Бу бутун 2024 йилги кўрсаткичдан ҳам каттароқдир. Таъкидланишича, бу ўтган вақт мобайнида кунига ўртача 26,7 млн кВт/соат электр энергияси қуёш ва шамол электр станцияларидан олинди, деганидир.
Бундан 26 кун олдин, 2025 йил 10 июнь куни соат 12:00 да жорий йил бошидан буён қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 4 млрд кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилгани қайд этилган эди. Мазкур генерациянинг 3,125 млрд кВт/соатлик қисми қуёш электр станциялари томонидан, 1,915 млрд кВт/соатлик қисми эса шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилди.
Вазирлик маълумотларига кўра, бугунги кунда мамлакатнинг 10 та вилоятида умумий қуввати 4119 мегаватт бўлган 11 та қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда 4 та шамол электр станцияси «яшил» энергия ишлаб чиқармоқда.
Муқобил энергиядан фойдаланиш натижасида 1,5 млрд куб метр табиий газ тежалишига эришилди ҳамда атмосферага 2,22 млн тоннадан ортиқ зарарли газларнинг чиқиши олди олинди.
Бундан ташқари, 2025 йил бошидан бугун, 7 июль соат 08:00 га қадар Ўзбекистондаги барча гидроэлектр станциялари ва қуёш ҳамда шамол электр станциялари томонидан 8,73 млрд кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу 2025 йилдаги жами генерациянинг 20,3 фоизини ташкил қилади.
Вазирлик ҳисоб-китобларига кўра, мазкур ҳажмдаги электр энергияси 7,28 миллионта хонадоннинг олти ойлик ёки 3,64 миллионта хонадоннинг бир йиллик меъёрий базасини ташкил қилади. 2,64 млрд куб метр табиий газ тежалишига эришилди ва атмосферага 3,88 млн тоннадан ортиқ зарарли газларнинг чиқиши олди олинди.