Президентга Наманган вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги бўйича ҳисобот берилди

Yangiliklar  ●  6 months ago

Шавкат Мирзиёев вилоятдаги лойиҳалар ижроси юзасидан ҳисобот билан танишди.

Президент Шавкат Мирзиёев 7 июл куни Наманган вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудлардаги ишларнинг бориши ва лойиҳалар ижроси юзасидан ҳисобот билан танишди.

Давлат раҳбарининг 2024 йил 2 декабрдаги қарори билан Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари белгиланган эди.

Қайд қилинишича, бу йил 4,2 миллиард доллар инвестиция жалб этиш, 1 миллиард доллар экспорт қилиш, 323 минг иш ўрни яратиш, 55 минг оилани камбағалликдан чиқариш режалаштирилган. Бунда энг катта замин – кичик бизнес ва тадбиркорлик. Наманганда меҳнатга лаёқатли аҳолини 82 фоизи шу соҳада ишламоқда.

Йил бошидан бери вилоятга қарийб 1 миллиард 600 миллион доллар инвестиция киритилган. Лекин бунинг катта қисми Наманган шаҳри ва марказий туманларга тўғри келган. Таъкидланишича, Мингбулоқ, Норин, Уйчи ва Чортоқда ҳам сармояларни кўпайтириш керак. Экспортда ҳам маҳсулотлар турини кенгайтириш ва чекка туманлар салоҳиятини ошириш зарур.

Вилоятда қишлоқ хўжалигида ҳам мўл ҳосил етиштирилмоқда. Масалан, Янгиқўрғонда гектаридан даромад 20 минг доллардан юқори.

Хабарга кўра, Наманган вилоятида мутахассислар, илғор тадбиркорлар ва хорижий экспертлардан иборат «Ислоҳотлар штаби» иш бошлади. Улар биргаликда излангани учун яна 1 миллиард долларлик лойиҳалар шаклланди.

Йиғилишда мутасаддилар ана шу янги имкониятларни тақдимот қилди. Қайд этилганидек, уларнинг натижасида жами 12 минг иш ўрни, бюджетга қўшимча 200 миллиард сўм тушум, 160 миллион доллар экспорт манбаи пайдо бўлади.

Масалан, Норин туманида аҳоли хонадонларида интенсив усулда балиқ етиштириш, Мингбулоқда ўрдакчиликни ривожлантириш кўзда тутилмоқда. Улар озиқ-овқат маҳсулотлари мўллигини таъминлаши ва кўплаб иш ўринлари яратиши билан аҳамиятли. Давлат раҳбари бу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам татбиқ этиш зарурлигини таъкидлади.

Бугунги кунда вилоятда 55 минг ишсиз аҳоли, 44 минг камбағал оила бор. Уларни касбга йўналтириб, иш топишига кўмаклашиш, ўз уйида даромад манбаи яратиш вазифаси қўйилди. Ижтимоий муҳитни мустаҳкамлаш, маҳаллаларни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Follow
Loading

Signing-in 3 seconds...

Signing-up 3 seconds...