
Ҳозирда унинг жасадини Ўзбекистонга қайтариш бўйича Миграция агентлигининг Туркиядаги вакиллиги томонидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Туркияда 35 ёшли ўзбекистонлик аёл отишма оқибатида ҳалок бўлди, деб хабар беради Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси.
Қайд этилишича, Ўзбекистон фуқароси Айдин вилоятида жойлашган ресторанда официант сифатида фаолият юритиб келган. 5 июль куни юз берган отишмада у бош қисмидан оғир жароҳат олиб, воқеа жойида вафот этди.
Мазкур жиноятни содир этганликда гумон қилинаётган 5 нафар шахс ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Вафот этган ватандошимизнинг жасадини Ўзбекистонга юбориш, шунингдек, унинг яқинларига зарур ёрдам кўрсатиш бўйича Бош консулхона ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг Туркиядаги вакиллиги томонидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда», — дейилади хабарда.