Чорвоқ сув омборига оқова сув қуйилаётгани рад этилди

Yangiliklar  ●  4 months ago

Чорвоқ сув омборига чўян қувур орқали оқова сувлар оқизилаётгани тўғрисида хабарлар тарқалди. Ўрганишлар давомида қувурдаги сув таркибидан ифлослантирувчи моддалар аниқланмади.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ сув омборига оқова сув қуйилаётгани айтилган хабарларга муносабат билдирди.

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан ҳолат вазирлик, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси ҳамда манфаатдор идоралар мутасаддилари иштирокида жойига чиқиб ўрганилган.

Ўрганиш натижасида Бўстонлиқ тумани «Навобод» МФЙ ҳудудида жойлашган Чорвоқ сув омборининг «томоша қилиш майдончаси»дан кўриниб турган d-600 миллиметрли чўян қувурдан боғдорчилик фермер хўжалигининг суғориш мақсадида ишлатадиган сувлари оқаётгани ҳамда унинг ёнида ичида электр кабеллари ўтган полипропилен қувурлар (d-76 мм ва d-100 мм) экани аниқланган.

Ўрганиш давомида қувурдан оқаётган сувлардан таҳлил намуналари олинган. Дастлабки сув намуналари асосида олинган кимёвий таҳлиллар натижасида сув таркибида ифлослантирувчи моддалар аниқланмаган.

Ушбу ҳудудда марказлашган оқова сувларни қабул қилиб олиш учун «Чимган Чорбоғ магистрал сув тармоғи» АЖга қарашли д-800 миллиметр бўлган «Бақачол» оқова сув коллектор мавжуд бўлиб, ушбу коллектор Чирчиқ оқова сув тозалаш иншоотига бориб қуйилади. Чорвоқ сув омбори атрофидаги 550 нафар I-гуруҳ (аҳоли) истеъмолчилари ҳамда 4 нафар II-гуруҳ (бюджет) ва 38 нафар III-гуруҳ (бюджетдан ташқари юридик шахслар) истеъмолчиларининг оқова сувлари мазкур оқова сув тармоғига шартнома асосида ташлаб келинади.

«Сув омбори сатҳи периметр бўйлаб чиқилганда сув омборига оқова сувлар оқизилмаётгани, шунингдек, сув омборига қуйиладиган барча сув йўлларига оқова сувлар ташланиш ҳолати аниқланмади.

Сув омборидаги гидротехника иншоотлари хавфсизлигига ва техник ҳолатига таъсир этувчи омиллар мавжуд эмас. Яъни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг Чорвоқ сув омборига оқова сувлар қуйилаётгани тўғрисидаги хабар ўз тасдиғини топмади», – дейилади муносабатда.

Follow
Loading

Signing-in 3 seconds...

Signing-up 3 seconds...