
Давлат раҳбарининг ташаббусига мувофиқ, Жиззах вилоятида ҳам мутасаддилар, соҳа мутахассислари ва етакчи тадбиркорлардан иборат «Ислоҳотлар штаби» тузилди.
Президент Шавкат Мирзиёев 7 июл куни Жиззах вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудлардаги ишларнинг бориши ва аҳолини қийнаётган масалалар ҳал этилиши юзасидан ҳисобот билан танишди.
Ўтган йил 31 декабрда Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш бўйича Президент қарори қабул қилиниб, зарур масалалар ҳал этиб берилган эди. Хусусан, унда 2025 йилда 2 миллиард доллар инвестиция жалб этиш, экспортни 285 миллион долларга етказиш, 168 минг одамни ишли қилиш чора-тадбирлари белгиланганди.
Таъкидланишича, бу вазифалар бирин-кетин бажарилмоқда. Ўтган олти ойда Жиззахда саноат, сервис ва қишлоқ хўжалигида 200 та лойиҳа ишга тушди. Вилоятга 662 миллион доллар инвестиция кириб келди.
Лекин Дўстлик, Зафаробод, Пахтакор, Мирзачўл туманлари бу борада анча орқада қолаяпти. Шу боис янги лойиҳаларни аввало шу туманларга жойлаштириб, одамларни ишли қилиш зарурлиги таъкидланди.
Сўнгги вақтларда вилоятда 250 миллион долларлик йирик туризм мажмуалари ишга тушгани натижасида бир йилда сайёҳлар оқими 2 карра ошди. Буни янада ошириш учун ҳамма шароит бор.
Яна бир катта имконият – ер бўлиб, Жиззахда 1 миллион 300 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерлари бўлгани билан атиги 40 фоизида экин экилаяпти. Бир гектарга тўғри келадиган ўртача даромад ҳам бошқа вилоятларга нисбатан кам. Аслида, ердан самарали фойдаланиб, озиқ-овқат маҳсулотлари ва чорва озуқасини кўпайтириш мумкин.
Давлат раҳбарининг ташаббусига мувофиқ, Жиззах вилоятида ҳам мутасаддилар, соҳа мутахассислари ва етакчи тадбиркорлардан иборат «Ислоҳотлар штаби» тузилди.
Йиғилишда мазкур штаб томонидан тайёрланган янги лойиҳалар тақдимот қилинди. Унга кўра, умумий қиймати 520 миллион долларлик 200 та лойиҳа шакллантирилган. Уларнинг натижасида 12 мингта иш ўрни, бюджетга қўшимча 120 миллиард сўм тушум, 100 миллион долларлик экспорт имконияти яратилиши кўзда тутилган.
Таъкидланишича, президент лойиҳаларнинг иқтисодий асоси ва бозор талаби билан қизиқди. Ҳокимлар ва «Ислоҳотлар штаби» биргаликда ишлаб, саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм ва хизмат соҳаларида «катта сакраш» қилиши кераклиги таъкидланди.