
Ўзбекистондаги 4 ва 5 қаватли уйларга лифт ўрнатиш масаласи бўйича дастур тайёрланмоқда.
Бу ҳақда 8 июль куни Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги раҳбарияти иштирокида АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Вазирлик бўлим бошлиғи Азиз Ҳалиловнинг сўзларига кўра, 4 ва 5 қаватли уйларни лифтлаштиришдан олдин 9 ва 12 қаватли уйларнинг лифтлари билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш зарур.
«Ҳукуматнинг тегишли қарорига асосан, республикадаги 5 минг 491 та кўп квартирали уй-жойлардаги 13 минг 798 та лифт ускуналари тўлиқ хатловдан ўтказилди. Натижада эксплуатация муддати ўтаб бўлган 2001 та лифтни янгилаш ва 382 та лифтни таъмирлаш кераклиги аниқланди. Ушбу мақсадлар учун маҳаллий бюджет маблағларидан 854,6 млрд сўм ажратилиши белгиланган. Турли хил кўнгилсиз ҳодисалар келиб чиқмаслиги учун уларни босқичма-босиқич янгилаш зарур. Шу сабабли эскирган лифтларни тўлиқ алмаштириб бўлгач, сўнгра 4 ва 5 қаватли уйларга лифтлар ўрнатиш режалаштирилган», — дейди у.
Бугунги кунда мамлакатда 4 қаватли уйлар 14 минг 637 та, 5 қаватли уйлар эса 7 минг 541 тани ташкил этади.
«Мутахассисларимиз 5 қаватли уйларга лифтлар ўрнатган чет эл давлатлари тажрибасини ўрганди. Хориж тажрибасини ўзимизда ҳам амалиётга жорий қилиш бўйича режалар ишлаб чиқилмоқда», — дейди Азиз Ҳалилов.
Вазир ўринбосари Озода Жўраевага кўра, ҳозирда ушбу масала юзасидан вазирлик дастур тайёрламоқда.
«Бу масала бўйича аҳолидан, айниқса, ногиронлиги бор шахслар томонидан мурожаатлар, эътироз ва таклифлар келиб тушади. Айни пайтда 4 ва 5 қаватли уйларга лифтлар ўрнатишга оид дастур тайёрлаяпмиз», — дейди Жўраева.