
Тошкентга сентябргача 200 та, кейинги йил эса 1000 та автобус олиб келинади. Шунингдек, Тошкент ҳалқа йўлигача келаётган 20 та автобус йўналиши 15–20 километрга узайтирилади.
Пойтахт жамоат транспорти ягона агломерация тизимига ўтиб, Тошкент вилоятининг барча туташ ҳудудларини қамраб олади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва тирбандликни камайтириш бўйича видеоселекторда маълум қилинди.
Мамлакатда жамоат транспорти тизими аҳолини рози қиладиган даражада йўлга қўйилмагани кўрсатиб ўтилди.
Шаҳарлараро автобуслар график бўйича эмас, балки йўловчилари 40-50 киши бўлиб тўлганда юришга ўрганган. Чунки тадбиркорларга шаҳарлараро жамоат транспортида зарарни компенсация қилиш механизми йўлга қўйилмаган. Субсидия фақат шаҳар атрофидаги автобуслар учун бор.
Президент эндиликда ўрта ва узоқ масофага қатнайдиган жамоат транспортини ривожлантириш бўйича янги тизим жорий қилинишини айтди.
Бунинг учун Тошкент шаҳри ва вилоятлараро қатнов бўйича алоҳида ёндашув бўлади.
Пойтахтга кунига 1 миллион одам ташриф буюрса, шундан 275 минг нафари Тошкент вилоятидан келади.
Шу боис, пойтахт жамоат транспорти ягона агломерация тизимига ўтиб, Тошкент вилоятининг барча туташ ҳудудларини қамраб олади.
Бунинг учун, Тошкент ҳалқа йўлигача келаётган 20 та автобус йўналиши 15-20 километрга узайтирилади, яна янги 6 та маршрут қўшилади. Бу Тошкент вилояти аҳолиси учун катта қулайлик бўлади.
«Маршрутлар узайса, кутиш вақти кўпаяди, деб аҳоли хавотирга тушмасин. Сентябргача пойтахтга 200 та, кейинги йили яна 1 мингта автобус олиб келамиз», – деди давлат раҳбари.
Янги тизимни пойтахт ва Тошкент вилояти учун 1 сентябрдан, йирик шаҳарларда эса келаси йили 1 январдан жорий қилиш топширилди.
Шаҳарлар ва вилоятлараро жамоат транспорти қатновларини жонлантириш зарурлиги таъкидланди.
Бу йўналишдаги автобус ва микроавтобуслар учун йўловчи бошига субсидия берилади.
Автобуслар учун утилизация йиғимидан имтиёз яна уч йилга узайтирилади ва микроавтобусларга ҳам жорий қилинади.
Туристик автобус ва микроавтобуслар учун божхона божидан имтиёз уч йил давомида жамоат транспорти учун ҳам қўлланади.
Бунда, тадбиркорларга 2 та шарт қўйилади – ҳаракат графигига қатъий амал қилиш ҳамда электрон тўлов тизимига ўтиб, тушумларни шаффоф кўрсатиб бориш.
Жамоат транспортини қулай ва хавфсиз қилиш бўйича ҳудудларда яхши инновацион тажрибалар бошланган.
Масалан, Тошкент шаҳрида 200 километр йўл, 4 та кўприкни таъмирлаш учун Хитойдан 300 миллион доллар инвестиция жалб қилинмоқда.
Шунингдек, пойтахтдаги тирбандликларни камайтириш мақсадида «Интеллектуал транспорт» ахборот тизими ишга тушади.
Ушбу тизимга Тошкент шаҳридаги 700 дан зиёд чорраҳа ва улардаги барча светофор, фото ва видеокузатув мосламалари уланади.
Транспорт оқимига қараб светофорларни масофадан бошқариш ҳисобига тирбандликлар 25-30 фоизга камайиши мумкин.